2026 йил 26 ноябрь куни Туркистон шаҳрида Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Туркистон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган «Dialogue of Cultures: Маданиятлар мулоқоти – 2026» номли II Халқаро симпозиуми бўлиб ўтди.
Халқаро майдон конституциявий назорат органлари вакиллари, хорижий давлатлардан ташриф буюрган мутахассислар, Қурултой депутатлари, давлат органлари, халқаро ташкилотлар, илмий ва фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштирди.
Симпозиумнинг марказий мавзуси ҳуқуқ фалсафаси, таълим, илм-фан ва халқаро ҳуқуқий стандартларни англаш орқали ҳуқуқий маданият ҳамда замонавий конституционализмни ривожлантиришдан иборат бўлди.
Ялпи мажлисни Конституциявий суд раиси Эльвира Азимова очиб, Симпозиум 2025 йилда бошлангани, Конституция устуворлиги маданиятини мустаҳкамлашга қаратилган халқаро касбий мулоқотнинг давоми эканини таъкидлади.

Иштирокчилар ҳуқуқ ва маданиятни ўзаро уйғунлаштиришда «Қонун ва тартиб», «Ҳалол фуқаро» ва «Тоза Қозоғистон» конституциявий тамойилларининг алоҳида ўрни, шунингдек, уларни жамиятнинг кундалик ҳаётида амалий татбиқ этиш муҳимлигини қайд этдилар.
Тадбирда Қозоғистон Республикаси Қурултойи ва давлат органлари, Озарбайжон, Венгрия, Қозоғистон, Монголия, Тожикистон ва Ўзбекистон Конституциявий судлари, Евроосиё иқтисодий иттифоқи Суди, БМТ Тараққиёт дастури (UNDP), БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF), БМТнинг Аҳоли жойлашуви жамғармаси (UNFPA), БМТнинг Гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмаси («БМТ-Аёллар»), ЕХҲТнинг Остонадаги дастурлар офиси, Фридрих Эберт жамғармаси, дипломатик корпус ҳамда илмий-академик ҳамжамият вакиллари фаол иштирок этдилар.
Симпозиум иштирокчиларига БМТнинг Қозоғистон Республикасидаги Доимий координатори Саранго Раднарагча, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Арман Исетов, Қозоғистон Республикаси Қурултойининг Конституциявий қонунчилик, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қўмитаси раиси Унзила Шапак ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистон Республикасидаги доимий вакили Катаржина Вавьерниа табрик сўзи билан мурожаат қилдилар.

Симпозиум ўз ишини сессияларга бўлинган ҳолда давом эттирди ва унда конституциявий қадриятлар ва давлатчиликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлиги ва одил судловдан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, бизнес соҳасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, барқарор ривожланиш, ижтимоий сиёсат, оилавий қадриятлар ва авлодлар масъулияти масалаларига бағишланган маърузалар ҳамда амалий семинарлар ўтказилди. Мазкур мавзулар муҳокамасида Ўзбекистон Конституциявий суди вакиллари судья А.Рахимов (онлайн) ҳамда Девон ходимлари И.Насриев, Х.Абдурахмановлар иштирок этиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Симпозиум ишида, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси Акмал Саидов, БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитаси аъзоси Мадина Жарбусинова ҳамда Қозоғистон Республикасида оила масалалари бўйича ваколатли вакил Снежанна Имашева иштирок этдилар.
Симпозиум халқаро касбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, конституциявий қадриятлар нафақат ҳуқуқий институтларда, балки жамоатчилик онгида, маданий анъаналарда ва фуқароларнинг кундалик ҳаётида ҳам ўз ифодасини топадиган ҳуқуқий маданиятни ривожлантиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.