Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолият кўрсатишини таъминлаш учун Конституциявий суднинг девони тузилади.
Девоннинг асосий вазифаси Конституциявий суд фаолиятини ташкилий-техник, илмий-таҳлилий, ахборот-маълумот ва молиявий-хўжалик жиҳатдан таъминлаш ҳисобланади.
Ўзига юклатилган вазифани бажаришда Девон қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Конституциявий судда ишларни юритишни ҳамда хизматга оид кенгашларни ва Конституциявий суд томонидан ўтказиладиган бошқа тадбирларни ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш;
судьяларга суд мажлиси ва хизматга оид кенгашларда ишларни ва бошқа масалаларни кўриб чиқиш учун тайёрлашда кўмаклашиш;
Конституциявий судга йўлланган мурожаатларни кўриб чиқилишини ташкилий таъминлаш, аризачиларнинг мурожаатлари бўйича жавоблар, хулосалар, таҳлилий, ахборот ва бошқа материалларни тайёрлаш;
Конституциявий суднинг қонунчилик ташаббуси билан боғлиқ масалалар юзасидан қонун лойиҳаларини ва таклифларни тайёрлашда иштирок этиш ва бунинг учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш;
Конституциявий суд қарорларининг тарқатилиши ва матбуотда эълон қилинишини таъминлаш ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Ахборотномаси”ни нашрга тайёрлаш;
Конституциявий суд қарорларининг тизимли ҳисобини юритиш ва маълумотлар базасини шакллантириш;
Конституциявий суд қарорларининг ижросини таъминлаш бўйича давлат органларининг фаолиятини ўрганиш ва умумлаштириш, ушбу қарорларнинг ижроси бўйича Конституциявий суд учун маълумот тайёрлаш;
қонун ҳужжатларининг тизимли ҳисоби ва таҳлилини олиб бориш, таҳлилий тадқиқотларни амалга ошириш;
Конституциявий суднинг меҳнат муносабатлари, кадрлар сиёсати ва мукофотлаш соҳасидаги ваколатларини амалга оширилишини таъминлаш, Девон ходимларининг малакасини оширишни ташкиллаштириш;
ҳужжатларни тайёрлаш ва улар билан ишлашга мўлжалланган замонавий ахборот технологиялари ва дастурий-техник воситаларни қўллаган ҳолда Конституциявий суд фаолиятини ҳужжатлаштириш тизимини ташкиллаштириш, юритиш ва такомиллаштириш;
ҳужжатлар алмашинуви ва иш юритишнинг ўрнатилган тартибига риоя этилиши юзасидан услубий раҳбарлик ва назорат қилиш;
Конституциявий суд ҳужжатларини архивлаштириш, Конституциявий суд архив фондида бўлган ҳужжатларнинг сақланиши ва фойдаланилиши ҳамда уларни қонун билан белгиланган тартибда давлат архивига топшириш учун тайёрлашни амалга ошириш;
ахборот тизимларининг узлуксиз равишда ишлашини ва янги ахборот технологияларининг татбиқ этилишини таъминлаш;
Конституиявий суднинг электрон ахборот ресурсларини барпо этиш, юритиш ва такомиллаштиришни таъминлаш;
Конституциявий суднинг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро муносабатларини ташкиллаштириш, оммавий ахборот воситаларида Конституциявий суд фаолияти тўғрисида холисона маълумотларнинг жойлаштирилишини таъминлаш;
Конституциявий суд фаолиятини молиявий таъминлашни ташкиллаштириш;
Конституциявий судни моддий-техник манбалар билан таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ташкиллаштириш;
Конституциявий суднинг хорижий мамлакатларнинг конституциявий назорат органлари ва халқаро ташкилотлар, уларнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхоналари билан ўзаро муносабатларини ташкиллаштириш;
хорижий мамлакатлар конституциявий назорат органларни фаолиятини ўрганиш ва умумлаштириш;
қонун ҳужжатлари, Конституциявий суднинг қарорлари, Конституциявий суд раисининг фармойишларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.
Девон фаолиятига умумий раҳбарликни Конституциявий суднинг раиси, бевосита ва жорий раҳбарликни котибият мудири амалга оширади.