2026 йил 4-6 ноябрь кунлари Грузиянинг Батуми шаҳрида Грузия Конституциявий суди ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган «Ҳуқуқий давлатда конституциявий назоратнинг роли» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов раҳбарлигидаги делегация иштирок этди.

Тадбирни тантанали очилиш маросимида Грузия Президенти Михаил Кавелашвили, Бош вазир Ираклий Кобахидзе, Парламент раиси Шалва Папуашвили, Олий суд раиси Нино Кадагидзе, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди раиси Маттиас Гийомар иштирок этди.
Шунингдек, конференцияда 17 давлатдан конституциявий судлар ва уларга тенглаштирилган институтлар вакиллари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди судьялари, Грузиянинг олий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар ва халқаро экспертлар қатнашди.

Анжуман Европа ва Осиё конституциявий юрисдикциялари ўртасида профессионал мулоқот учун муҳим майдон бўлди. Конференция доирасида 2 та тематик сессия ва 17 та асосий маърузалар бўлиб, конституциявий назоратнинг замонавий моделлари, инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш, судьялар мустақиллиги, конституциявий шикоят, суд қарорларининг ижроси, рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллектдан суд тизимида фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов ўз маърузасида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг марказида инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлар, Конституция ва қонун устуворлиги ҳамда адолат принциплари турганини таъкидлади.

Шунингдек, 2023 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Конституция, конституциявий одил судловни рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган ислоҳотлар, шунингдек Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Маърузада сунъий интеллектдан суд тизимида фойдаланиш масаласига тўхталиб, «сунъий интеллект судьяга ёрдам бериши мумкин, аммо унинг ўрнини боса олмайди», деган фикр илгари сурилди. Судьянинг мустақил ҳуқуқий тафаккури, виждони ва шахсий масъулияти якуний қарор қабул қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши қайд этилди.
Конференция доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди IV секцияси раиси Ладо Чантурия, Бельгия Қироллиги Конституциявий суди раиси Пьер Ниуль ва Болгария Республикаси Конституциявий суди раиси Павлина Панова билан профессионал мулоқотлар ўтказилди.

Учрашувларда конституциявий одил судловни ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш, суд амалиёти соҳасида тажриба алмашинувини кенгайтириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди делегациясининг Батуми конференциясидаги иштироки Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга кенг тақдим этиш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва хорижий мамлакатлар конституциявий судлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди