2024 йил 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун келган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА) Бош котиби Д.Кобицкий бошчилигидаги гуруҳ аъзолари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов учрашув иштирокчиларига Ўзбекистонда 2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён эканлиги ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Янгиланган Конституциянинг мамлакатимизда халқчил давлат яратишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари сифатидаги улкан аҳамияти, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида белгиланган устувор йўналишларга тўхталди.
Учрашув давомида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонунга мувофиқ мамлакатимиз миллий сайлов тизими янада такомиллаштирилгани, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими асосда ўтказилишининг ижобий томонларини ёритиб берилди.
Конституциявий суд раиси ўринбосари А.Ғафуров учрашув иштирокчиларига Конституциявий суд фаолияти ҳақида маълумот бериб, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг мазмуни ва моҳияти, Конституциявий судга масала киритиш тартиби, шунингдек конституциявий шикоят институти ўзига хос хусусиятлари тўғрисида гапириб берди. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ Конституциявий судга референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беришига оид янги ваколат юклатилганлиги тўғрисида маълумот берилди.
МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси бош котиби Д.Кобицкий Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарликни юқори даражада баҳолаб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар сайлов жараёнларида ҳам сезилиб турганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ўзбекистондаги сайловларда ўзига хос жиҳат бу – сайловчилар иштироки фаол экани, яъни уларнинг мазкур жараёнларга бефарқ эмаслиги ва иштирок этиш фоизлари юқори бўлишининг кузатилишини таъкидлаб ўтди.
Учрашув самимий ва дўстона вазиятда ўтди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди