Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида 2024 йил 16 октябрь куни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг cайловларни кузатиш миссияси раҳбари Дуглас Уэйк (Douglas Wake) ҳамда ЕХҲТининг ҳуқуқий таҳлилчиси Дорота Риза (Dorota Ryza) билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, Конституциявий суд раиси ўринбосари А.Гафуров, судья А.Рахманов, девон раҳбари Н.Саид-Газиева, катта экспертлар К.Хамидова ва Ш.Исакуловлар иштирок этди. Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг доимий аъзоси Гулноза Рахимова ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов учрашув иштирокчиларига Ўзбекистонда 2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий тадбир эканлиги, унинг илк бор аралаш сайлов тизими бўйича ўтказилишининг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, М.Абдусаломов Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши, унда конституциявий судлов ишларини юритишни демократлаштириш, конституциявий назорат самарадорлигини ошириш, шунингдек фуқаролар ва юридик шахслар томонидан Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиби тўғрисида батафсил маълумот берди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари А.Гафуров Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиби, процессуал жиҳатлари, конституциявий шикоят институти ҳақида делегация аъзоларига тушунтириш берди.
Учрашув иштирокчиларига 2023 йил 13 мартда Конституциявий суд томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги Қарорининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги иш юзасидан қабул қилган қарорнинг мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам маълумот бериб ўтилди.
Учрашув самимий ва дўстона вазиятда ўтди. Тадбир сўнгида ЕХҲТининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг cайловларни кузатиш миссияси раҳабари Дуглас Уэйк ўзаро самимий суҳбат учун миннатдорлик билдириб, келгусида Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди