Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов бошчилигидаги делегация 17–21 сентябрь кунлари Таиланд Қироллигида бўлиб ўтаётган Осиё Конституциявий судлари VI Конгрессида иштирок этмоқда.
Конгресс ишининг иккинчи кунида Ўзбекистон вакиллари тақдимоти хорижий давлатлар делегацияси ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари диққат марказида бўлди.
Конгресс ялпи мажлисида Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов томонидан “Конституциявий ислоҳот – Ўзбекистонда конституциявий одил судловни ривожлантиришнинг янги босқичи” мавзусида қилинган маърузада берилган Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг қамровли ислоҳотларга оид таҳлилий маълумотлар ва рақамлар иштирокчи давлатлар вакилларида катта қизиқиш ўйғотди.
Хусусан, маърузада Конгресс иштирокчиларига ўтган 7-8 йил мобайнида бутун жамиятимиз қайта уйғониб, одамларимиз янгича фикрлаш, ишлаш ва яшашга интилаётгани, бунга кўп жиҳатдан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан бошланган ислоҳотларда концептуал ғоя – инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” тамойили бош мезон сифатида белгилангани улкан аҳамият касб этаётганига урғу берилди. Мана шу демократик ислоҳотлар ва янгиланиш жараёнларига объектив ҳаётий зарурат сифатида янгича руҳ ва ҳуқуқий пойдевор бўлган конституциявий ислоҳотлар натижасида умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган Янги таҳрирдаги Конституциянинг, Тарққиёт стратегиясининг мазмуни, халқчил сиёсат ва жадал иқтисодий тараққиёт жараёнлари ҳақида батафсил ахборот берилди.
Шунингдек, мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қиладиган янгиланган Конституцияда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмас ва дахлсизлигини таъминлаш кафолатлари механизми кучайтирилгани, Асосий қонуннинг ҳимоячиси бўлган Конституциявий суд фаолиятига оид янги конституциявий нормалар, фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонуннинг Конституцияга мослигини текшириш ҳақидаги индивидуал шикоятларини кўриб чиқиш, бу каби ислоҳотлар ўз навбатида Конституциявий суднинг конституциявий назорат фаолиятини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди делегациясидан Таиланд Қироллигига ташрифи давомидаги Конгресс иши, хорижий давлатлар Конституциявий судлари билан учрашув ҳамда бошқа тадбирлар билан бир қаторда Ўзбекистон учун яна бир муҳим хушхабар олдик.
Бангкок шаҳридан келган хушхабарга кўра, Конгресснинг иккинчи иш кунида “Келгуси 2025-2027 йиллар давомида Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясига (Association of Asian Constitutional Courts and Equivalent Institutions) раислик қилиш навбати Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ўтиши тантанали равишда эълон қилинган (https://aacc-asia.org/en/)”.
Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов тадбирда шу муносабати билан, “Нуфузли минтақавий форум томонидан ушбу масъулиятли вазифани бизга ишониб топширилиши, аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган адолатли ва оқилона сиёсатнинг эътирофи, Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотларга ишонч ва давлатимизнинг жаҳон миқёсида нуфузининг юксалгани, шу жумладан самарали суд-ҳуқуқ соҳасини шакллантириш ва конституциявий одил судловни таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибасига қизиқишнинг ортиб бораётганини ёрқин далилидир” деган фикрларни билдирди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди