Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида 2024 йил 22 июль куни Индонезия Республикаси Конституциявий суди делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, Конституциявий суд судьялари ва Девони ходимлари иштирок этди. Тадбирда шунингдек, Индонезия Республикаси Конституциявий суди судьяси Анвар Усмон, Конституциявий суднинг ходимлари ҳамда Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг вакили Индах Априйанти иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 2025-2027 йилларда Осиё конституциявий судлари Ассоциациясига раислик қилиши муносабати билан амалга ошириладиган ишлар ҳамда бу борада Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари Ассоциацияси Котибияти билан яқиндан ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Индонезия делегацияси раҳбари, судья Анвар Усмон Ўзбекистон Индонезиянинг яқин ҳамкор давлатлардан бири эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистон Конституциявий суди раислик қиладиган халқаро даражадаги тадбирларда Индонезия Конституциявий суди ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув сўнгида Индонезия делегацияси аъзолари самимий суҳбат учун миннатдорчилик билдириб, келгусида Ўзбекистон ва Индонезия Конституциявий судлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди