eye
Конституцияда давлатнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги мажбуриятлари белгиланиши - ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати
2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.

Халқимизнинг орзу-умидлари ва интилишлари ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича ўз олдига қўйган мақсадлари янги таҳрирдаги Конституцияда ўз аксини топди. Шунингдек, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади – ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини конституциявий асослар мустаҳкамлади.

Аввалги Конституцияга асос қилиб олинган “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” принципига ўзгартирилди. Яъни, энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилинганлиги нафақат ҳуқуқ ва эркинликларни мустаҳкамлади, балки уларни амалга оширишнинг реал имкониятларини таъминлаш чора-тадбирларини, кафолатларини ҳам яратди. Буни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддимасида “Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлигимизни тантанали равишда эълон қилиб” деган сўзлардан бошланишидан кўришимиз мумкин.

Конституциянинг иккинчи бўлими Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган. Бунда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади этиб белгиланганлиги ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқларини кафолатлаш механизми, мутлақо янги масала ва йўналишлар акс этган оид нормалар уч бараварга ошганлигини кўриш мумкин. Хусусан, 54-моддада илк бор “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” ва 56-моддада “Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шароитлар яратади” деб белгиланди. Шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ҳуқуқий нормаларнинг тўғридан-тўғри амал қилиши мумкинлиги бизнинг ҳуқуқий амалиётимизда мутлақ янги воқеликдир.

Инсоннинг ажралмас ҳуқуқлардан бири – ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ умумэътироф этилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб қўйилган. Айни пайтда Конституциянинг 55-моддасига янги норма киритилиб, унга кўра “Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли”дир.

Қонунчиликда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилган. Шахснинг бузилган ҳуқуқ ва эркинларини тиклаш масаласи унинг ҳаётида ўта муҳим ўрин тутганлиги сабабли, судлар томонидан чиқарилган қарорларни апелляция, кассация ёки назорат тартибида қайта кўриб чиқиш институтлари жорий этилган.

Шунингдек, БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид умумътироф этилган халқаро ҳужжатларида шахснинг фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқлари камситилганда ҳамда ирқий, аёлларга, болалар, ногиронларни камситиш ҳолати, қийноқлар жазолашнинг шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турлар қўлланилганда фуқаро унинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган ҳолларда ҳуқуқларини тиклаш мақсадида БМТнинг тегишли қўмиталарга мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланган.

Бунинг асосий шарти шундаки, фуқаро ўз давлатида яратилган барча ҳуқуқий ҳимоя механизмларидан қониқмаган тақдирда, ўз ҳақ-ҳуқуқларини халқаро даражада ҳимоя қилиш ва низолашаётган масаласини халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда ҳал қилиш имкониятини яратади.

Шахсга давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлганидан сўнг, халқаро органларга мурожаат этиш ҳуқуқининг берилаётганлиги Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришга ҳамда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига хизмат қилади. Қолаверса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш борасида қўшимча конституциявий-ҳуқуқий кафолатлари яратди.

Конституциянинг мутлақо янги нормаларидан бири 57-моддада белгиланган бўлиб, унга кўра меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради. Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши аниқ белгилаб берилди.

Ушбу нормалар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг давлат кафолатларини мустаҳкамлаш имконини яратади, шунингдек, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш ва халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг ижобий имиджини шакллантириш учун шароитлар яратишга хизмат қилади.

 

АЛИШЕР КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг

эксперти

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш