eye
Остона шаҳрида Евросиё конституциявий назорат органлари Ассоциациясининг биринчи Конгресси бўлиб ўтди

Қозоғистон Республикаси Конституциявий судининг таклифига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси А.Рахимов ва катта эксперти Ш.Исакуловдан иборат делегация жорий йилнинг 23-26 август кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Конституциянинг устунлиги – давлат суверенитети, барқарор ривожланиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосидир” мавзусидаги Евроосиё конституциявий назорат органлари Ассоциациясининг биринчи Конгрессида иштирок этди. 

Тадбирда Евроосиё конституциявий назорат органлари Ассоциациясига аъзо бўлган давлатларнинг конституциявий назорат институтлари хусусан, Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Тожикистон ва Ўзбекистон республикалари шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи суди вакиллари, Қозоғистон Республикаси парламенти юқори ва қуйи палатаси аъзолари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги олимлар иштирокида гибрид форматда (онлайн ва офлайн) иштирок этди.

Тадбирни Қозоғистон Республикаси Конституциявий судининг раиси Э.А.Азимова кириш сўзи билан очиб, Конгресс ишига муваффақиятлар тилади. Шунингдек, халқаро Конгрессда Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раиси И.И.Рогов, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати депутати, Конституциявий қонунчилик, суд тизими ва ҳуқуқ-тартибот органлари қўмитаси раиси А.И.Лукин, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси раиси С.В.Имашева табрик сўзлари билан иштирок этди. 

Халқаро Конгрессда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси А.Рахимов “Конституция устуворлигини таъминлашда Конституциявий суднинг роли” мавзусида маъруза қилди. Тадбир иштирокчиларига жорий йилнинг 30 апрель куни мамлакатимизда бўлиб ўтган Референдумда Ўзбекистон халқи янги таҳрирдаги Конституциясини қабул қилгани, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, инсон қадрини улуғлаш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва давлат қурилишида инсон-жамият-давлат тамойили конституциявий ислоҳотларнинг бош мезони бўлгани ҳақида маълумотлар берилди.

Халқаро тадбир иштирокчилари ўз маърузаларида Конституциянинг устунлиги давлат суверенитети, барқарор ривожланиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асоси эканлиги, парламентаризмни, қонун ижодкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган конституциявий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш механизмлари ҳақида тўхталиб ўтишди. 

Халқаро Конгрессда Евроосиё конституциявий назорат органлари ассоциациясига аъзо давлатлар вакиллари барқарор ривожланиш учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, конституциявий адолат ва қонун устуворлигида инновацион ёндашувлар, келгусида конституциявий назорат институтини  ривожлантириш, зарур бўлганда мавжуд муаммоларни биргаликда ўрганиш,  илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш ҳақида келишиб олинди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш