eye
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2023 йил I ярим йилликдаги иш фаолияти якунлари ва 2023 йил II ярим йилликда амалга ошириладиган вазифалар тўғрисида

2023 йилнинг биринчи ярми давомида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг (бундан буён матнда Конституциявий суд деб юритилади) фаолияти асосан қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини ўрганиш ва таҳлил қилишга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Конституцияга мослигини ўрганиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда иш режасида белгиланган ташкилий-маърифий тадбирларни бажаришга қаратилди.

Ҳисобот даврида Конституциявий суд томонидан жами 183 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослиги ўрганиб чиқилди. Шундан, 38 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 33 та фармони, 83 қарори,
3 фармойиши, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари 9 та, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қарорлари 4 та, Қорақалпоғистон Республикасининг 10 та қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 1 та буйруғи ташкил этади.

Ҳисобот даврида Конституциявий суд томонидан 4 та иш кўрилган бўлиб, улар юзасидан 1 та қарор ва 3 та ажрим қабул қилинди. Ушбу кўрилган ишларда асосан қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини ўрганиш ва таҳлил қилишга қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПФ–67-сон Фармони 1-иловасининг 19 ва 20-бандлари ижроси таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилди.

Ҳисобот даврида Конституциявий судга жами 814 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 329 таси Конституциявий судга бевосита юборилган. Мурожаатларнинг 485 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси (www.pm.gov.uz) орқали келиб тушган. Мурожаатларнинг 749 таси жисмоний шахслар, 65 таси юридик шахслар томонидан юборилган.

Мурожаатларнинг 78 таси (9,6%) бевосита Конституциявий суднинг ваколатига тегишли масалаларга оид бўлиб, улар Конституциявий суд судьялари томонидан ўрганиб чиқилиб, муаллифларга асослантирилган тушунтиришлар берилган.

Шунингдек, 265 та мурожаат умумюрисдикция судларининг қарори ва терговга оид, 104 та мурожаат мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатларига оид, 24 та мурожаат уй-жойга оид, 12 та мурожаат ишга ва ўқишга тиклашга оид, 7 та мурожаат пенсия таъминотига оид, 14 та мурожаат фуқароликка оид ва бошқа мурожаатлар 310 тани ташкил этди. Мурожаатларнинг 29 таси эса такрорий мурожаатлардир.

Ҳисобот даврида судья ва экспертлар томонидан 57 нафар фуқаролар ва юридик шахсларнинг вакиллари Конституциявий судда қабул қилинди, уларнинг мурожаатлари юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.

Мурожаатларнинг ҳудудлар бўйича таҳлили шуни кўрсатдики, Тошкент шаҳридан 199 та (24,4%), Самарқанд вилоятидан 106 та (13%), Тошкент вилоятидан 70 та (8,6%), Қашқадарё вилоятидан 86 та (10,6%),  Сурхондарё вилоятидан 74 та (10%) мурожаатлар келиб тушган.

Конституциявий судда фуқароларнинг мурожаатларини бевосита қабул қилиш мақсадида “Фуқароларнинг  онлайн қабули” портали орқали 10 га яқин фуқароларни Конституциявий судга қилган онлайн мурожаатлари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Конституциявий суд судьялари ва ходимлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар тўғрисида шунингдек, Конституциявий суд фаолиятига оид маълумот, ахборотларни кенг аудиторияга тақдим этиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари мунтазам олиб борилди. Жумладан, ҳисобот даврида оммавий ахборот воситаларида судьялар ва ходимлар томонидан жами 94 та чиқишлар қилинди. Шундан газета ва журналларда мақолалар – 36 та, веб-сайтда 27 та, телевидение ҳамда радиода – 31 та интервью ва суҳбатлар ташкил этилган.

Мазкур тадбирлар фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси лойиҳаси ва янги таҳрири мазмун-моҳияти, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун ва Конституциявий суд фаолияти, 2023 йил бўлиб ўтган референдуми ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид тушунтиришлар беришга, мамлакатда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда суд ҳокимиятининг ўрни ва ролини ёритишга қаратилди.

Ҳисобот даврида Конституциявий суд судьялари ва девон ходимлари 87 та халқаро анжуманларда, республика даражасида бўлиб ўтган 66 та конференция, семинар, давра суҳбатларида маърузалар, таклиф-мулоҳазалар билан фаол қатнашдилар.

Шунингдек, Конституциявий суд делегациясининг қатор хорижий давлатларга ташрифи амалга оширилди ҳамда хорижий давлатлар делегациялари Конституциявий судда қабул қилинди. Конституциявий суд вакиллари хорижий давлатларда 5 та халқаро конференцияда иштирок этдилар.

2023 йил биринчи ярми давомида Конституциявий суд томонидан Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар ваколатхоналари билан 18 та, хориждаги халқаро ташкилотлар ва суд органлари билан 30 дан ортиқ ёзишмалар амалга оширилди.

Шу билан бирга Конституциявий суд фаолиятида айрим ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд. Хусусан Конституциявий судда ҳужжатларни электрон рўйхатга олиш ва электрон ҳужжат алмашиш “Edo.ijro.uz” тизимида ишлаш жараёнларида техник носозликлар учраб турибди, электрон ҳисобот олиш имкони чекланган, шунингдек тизимни тўлиқ ишлаши учун техник жиҳозлар етарли эмас. Айрим ҳолларда ижро ва меҳнат интизомига риоя қилиш талаблари бузилмоқда.

Келгусида конституциявий одил судловни амалга оширилиши сифатини янада яхшилаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, Конституциявий судни моддий-техник жиҳатдан тўлиқ таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни 67-моддасига мувофиқ, Конституциявий суд

 

Қ А Р О Р   Қ И Л А Д И:

 

  1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2023 йил биринчи ярми давомидаги иш фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин (илова қилинади).

Ҳисоботда кўрсатилган камчиликларни бартараф қилиш мақсадида:

– Конституциявий судда ҳужжатларни электрон рўйхатга олиш ва ҳужжат алмашиш “Edo.ijro.uz” тизимини “UNICON SOFT” МЧЖ билан ҳамкорликда ҳисоботларни электрон тайёрлаш қисмини такомиллаштириш чоралари кўрилсин;

– “Ijro.gov.uz” идоралараро ягона электрон тизими орқали келадиган топшириқларни ўз вақтида ҳамда белгиланган муддатларга риоя этган ҳолда ижро интизомига риоя этиш ва тизимга жойлаштириш чоралари кўрилсин; 

– судьялар экспертлар биргаликда процессуал ҳужжатлар лойиҳасини тайёрлаш (қарор, ажрим), таҳлилий маълумотлар, қонун лойиҳалари юзасидан эксперт хулосаси бериш каби йўналишларда малакасини ошириш устида тизимли иш олиб борилсин;

– замонавий ахборот-коммуникациялар орқали, хусусан расмий веб-сайт, шунингдек “Telegram” ижтимоий тармоғи орқали Конституциявий суд фаолиятини ёритиб бориш йўлга қўйилсин;

– Конституциявий суд судьялари ва экспертлари ижро ва меҳнат интизомига қатъий риоя этсин.

2.2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси томонидан жорий йилнинг 30-июнида тасдиқланган 2023 йил II ярим йилликда амалга ошириладиган иш режаси ижросини ўз вақтида таъминлаш назоратга олинсин.

2023 йил II ярим йилликда амалга ошириладиган иш режага асосан:

– Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилсин;

– Конституциявий суд девон ходимлари касбий малакасини оширишга доир чора-тадбирлар ташкиллаштирилсин (А.Гафуров,
Н.Саид-Газиева);

– Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуни мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича алоҳида режа тасдиқлансин (К.Хамидова);

– Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) билан ҳамкорликда “Конституциявий шикоят институти: миллий ва халқаро тажриба” мавзусида ўқув-тренинг ўтказилсин (А.Гафуров, Н.Саид-Газиева);

– Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига масала киритиш тартиби бўйича Йўриқнома тайёрлансин (А.Рахимов, Ж.Балкибаева, К.Давлетова ,Р.Исмайлов, Ш.Мажидов, А.Каримов);

– Конституциявий судда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида мурожаатлар билан ишлашни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлансин (Ж.Балкибаева, К.Давлетова, Р.Исмайлов, К.Хамидова, У.Гиязов);

– хорижий мамлакатларнинг Конституциявий судлари фаолиятига оид янгиликлар ҳақида маълумот тайёрланиб, судьялар ва ходимларни доимий равишда таништириб борилсин (Ш.Исакулов);

– Конституциявий судда маънавий ва маърифий ишларни ривожлантириш мақсадида ўқув соатларини мунтазам равишда ўтказиб борилсин (К.Хамидова, Д.Норматова).

  1. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари А.Гафуров, девон раҳбари Н.Саид-Газиева зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент ш.,

2023 йил 31 июль,

КСҚ – 5-сон

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш