eye
ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси бугун Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан депутатлар муҳокамасига хавола этилди. 

Маълумки, Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олди. Янги таҳрирдаги Конституция билан Конституциявий суд фаолияти ҳам ислоҳ қилинди.

Авваламбор, оддий фуқаролар ва юридик шахслар ҳам ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги Конституцияда мустаҳкамланди.

Қолаверса, референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ҳам Конституциявий суднинг янги ваколати сифатида юклатилган.

Яна бир масала! Халқаро тажрибадан келиб чиқиб ҳамда тизимда суд таркибининг доимо холис ва мустақил фаолият юритишини таъминлаш мақсадида янгиланган Конституция билан Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланиши белгиланди.

Бугун кўриб чиқилган қонун лойиҳаси билан мана шу юқорида санаб ўтилган конституциявий нормалар Конституциявий суд фаолиятини тартибга солувчи махсус қонунда ҳам акс эттирилди, қолаверса, янги ваколатларни амалга ошириш механизмлари очиб берилди.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 4-моддасида Конституциявий суднинг янги ваколати сифатида “Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш” кўрсатилди. Конституциявий Қонуннинг 83/1-моддасида эса бундай хулосани бериш ҳақидаги ишни юритиш ва унинг якуни бўйича қарор қабул қилиш тартиби очиб берилмоқда.

Қолаверса, Конституциявий қонуннинг 7-моддасида Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддати биринчи марта сайланганида беш йилни, навбатдаги сайланганида ўн йилни ташкил этиши ҳақида нормалар чиқариб ташланиб, уларнинг ўрнига “Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланиши” белгиланди.

Конун лойиҳасининг қабул қилиниши янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, унда мустаҳкамланган устувор принципларни рўёбга чиқарилишини ҳамда давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Жаҳонгир Ширинов

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ

масалалари қўмитасининг раиси

Манбаа: Telegram (https://t.me/deputat_shirinov)

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш