eye
Танишув ташрифи ва келгуси режалар муҳокамаси
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида 2023 йил 19 июль куни Халқаро ҳамкорлик бўйича Немис жамияти (GIZ) “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш” ҳудудий дастурининг Ўзбекистондаги лойиҳа раҳбари Кристоф Копецки бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, судьялар К.Камилов, А.Рахманов, девон ходимлари ҳамда GIZ лойиҳа миллий координатори С.Назаров иштирок этди.

Учрашув Халқаро ҳамкорлик бўйича Немис жамияти (GIZ) “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш” ҳудудий дастурининг ташаббуси асосида ташкил этилиб, мазкур лойиҳанинг Ўзбекистондаги янги раҳбари билан танишув ташрифини амалга ошириш ҳамда келгусидаги режаларни муҳокама қилишдан иборат.

Учрашувда ҳар икки томон – Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда GIZ “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш” ҳудудий дастури ўртасида аввалги йилларда ҳам яхши ҳамкорлик йўлга қўйилгани, бир қатор нуфузли экспертлар билан конференция, давра суҳбатлари ташкил этилгани ҳақида сўз борди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов ҳамкорликка доир фикрларни илгари суриб, жорий йил янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниб унга конституциявий шикоят институти киритилгани ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг конституциявий асослари мустаҳкамлангани ҳақида маълумот берди. Конституциявий суд ишларини юритишни демократлаштириш, конституциявий назорат самарадорлигини ошириш юзасидан ривожланган давлатларнинг Конституциявий судлари амалиёти, хусусан Германия Конституциявий суди фаолиятини кенгроқ ўрганиш, суд қарорлари ҳамда норматив ҳужжатларини таҳлил қилиш, тажрибали экспертлар билан ишлашни ташкил этиш, судьялар ва ходимлар тажрибасини оширишда ҳамкорлик қилиш, ахборот коммуникация технологияларини суд амалиётига жорий этиш йўналишида яқиндан ҳамкорлик қилишни таклиф этди. 

Ўз навбатида “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш” ҳудудий дастурининг Ўзбекистондаги лойиҳа раҳбари К.Копецки  Ўзбекистон Конституциявий суди билан аниқ таклифлар доирасида ҳамкорлик қилишга тайёр экани, келгуси фаолият учун дастурни келишиб олиш таклифини билдирди.

Учрашув дўстона муҳит ва самимий мулоқот тарзида бўлиб, келгуси режалар учун икки томонлама ҳамкорликка асослар яратилди. 

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш