eye
“Янги Ўзбекистон – янгиланаётган Конституция” мавзусидаги давра суҳбати
2023 йил 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида “Конституциявий ислоҳотнинг моҳияти ва аҳамияти: Янги Ўзбекистон – янгиланаётган Конституция” мавзусидаги халқаро конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Халқаро конференциянинг биринчи кунида бўлиб ўтган тадбир  конституциявий ислоҳотларда Конституциявий суднинг ўрни ва аҳамияти муҳокама қилинди. Тадбирда 20 дан ортиқ давлатдан халқаро ташкилотларнинг вакиллари ва хорижий экспертлар, парламент аъзолари, илмий ҳамжамият вакиллари иштирок этдилар.   

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов тадбир иштирокчиларига  Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг асосий фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. Биргина ўтган 2022 йилда Конституциявий судга жами 1376 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1299 та фуқаролардан, 77 та юридик шахслардан келиб тушган. Конституциянинг янги лойиҳасига судьяларни ваколат муддатига доир норма ўзгариши кутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририда Конституциявий суд судьяси бир маротаба 10 йилга сайланиши белгиланган.

Амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларда Конституциявий суднинг ролини алоҳида таъкидлаб, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда конституциявий жараённинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. Айниқса, Ўзбекистон тарихидаги “янги”, “биринчи” тажриба – янгиланган Конституцияни халқ ўз иродасини билдириши учун умумхалқ референдуми ўтказилаётгани  алоҳида таъкидланди.

Конституциявий суд раисининг ўринбосари А.Ғафуров давра суҳбати иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Конституциявий судга мурожаатини кўриб чиқиш ва Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш бўйича Конституциявий суднинг 2023 йил 13 мартда бўлиб ўтган очиқ суд мажлиси ва унда қабул қилинган қарор ҳақида маълумот бериб ўтди.  

Хусусан, маърузачи томонидан Қонунчилик палатасининг мурожаати “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 27-моддаси асосида Конституциявий суд томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилинганлиги ва унга кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатаси конституциявий назорат субъекти ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, Асосий қонунни қабул қилиш икки йўл билан амалга оширилиши мумкин. У тўғридан-тўғри парламентнинг ўзи томонидан қабул қилиниши ёки референдумга қўйилиши мумкинлиги белгиланган.    

Конституцияда парламент Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни тегишли таклиф киритилганидан кейин олти ой муддатда кенг ва ҳар томонлама муҳокама қилинган ҳолда қабул қилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Қайд этилишича, мазкур талабларга риоя этилганлигини ўрганиш жараёнида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Конституциявий судга Конституциявий қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси ўтказиш тўғрисида етарлича маълумотлар тақдим қилинди. Шу муносабат билан, Конституциявий суд Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилганлиги, Конституцияда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги конституциявий принципга мос келади, деган хулосага келди.

Маърузачи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан референдум ўтказиш тартибига риоя этилганлиги, референдум ўтказиш тўғрисидаги қарори “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасида кўрсатилган талабига мувофиқ қабул қилинганлиги алоҳида таъкидланди.

Давра суҳбати иштирокчилари ўзаро мулоқот доирасида конституциявий ислоҳотларга тааллуқли бир қатор мавзулар юзасидан фикрлар билдирдилар. Хусусан, мамлакатимиз миқёсида ягона ҳуқуқий маконнинг асоси сифатида Конституциянинг бевосита қўлланилишини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини  чеклашнинг конституциявийлигини баҳолашда мутаносиблик тамойили каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, Бостон ҳуқуқ мактаби профессори Жоан Блум, (АҚШ) ўз нутқида AҚШда ягона макон тушунчаси йўқлигини таъкидлади. Бизда 50 та штат бор ва ҳар бирида Конституция мавжуд. Федерал Конституция олий ҳокимиятга эга, аммо унинг фаолияти федерал субъектлар билан чекланган. Шу билан бирга, штатлар федерал Конституцияда белгиланган ҳуқуқларни чеклай олмайди. Ўзбекистон Конституциясининг 15-моддаси фуқароларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини беради, ижобий таъсир кўрсатади, деб таъкидлади.   

Туркиянинг Йилдирим Беязит университети ҳуқуқ факультети доценти Самет Татар сўз олиб, ўз нутқида Конституция, энг аввало, адолат ва очиқлик, ўзаро боғлиқлик ва бир-бирини тўлдирувчи, қонун устуворлигини таъминловчи эканлигини таъкидлади. Ўзбекистон Конституциясида қонун устуворлиги принципининг белгилаб қўйилгани муҳим қадамдир.

Туркиялик эксперт ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, Конституцияни ишлаб чиқишда аҳолининг кенг қатламларини иштироки Конституциянинг халқчиллигини таъминловчи жуда муҳим чора эканлигини таъкидлади. “Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат яшайди, агар бу демократия бўлмаса, унда нима? Фуқаролар ўз иштироки орқали қабул қилинган Конституцияни кейинчалик назорат қилишлари мумкин. Яна бир муҳим жиҳати ёшларнинг иштироки, улар хоҳлаган нарсасига эришмоқда. Ўзбекистондан ўрганадиган нарсалар кўп, менга телеграмм ботларидан фойдаланиш жуда ёқди, бу эса аҳолини кенг жалб қилиш имконини беради”.

Тадбир савол-жавоблар, баҳс ва мунозараларга бой бўлди. Давра суҳбати якунида Хорижий экспертлар халқимизнинг референдумда фаол  иштирок этишига ва уни қўллаб-қувватлашига ишонч ҳамда умид билдирдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш