“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилади, айтиш жоизки, бу лойиҳа халқимиз томонидан энг кўп таклифлар билдирилган, халқаро экспертлар фикрлари инобатга олинган муҳим ҳужжат бўлди.
Конституциянинг янги таҳририга ҳар бир инсоннинг эмин-эркин яшаш кафолати сифатида тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда хусусан, аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг қадр-қимматини янада юксалтириш ҳамда жамиятнинг бошқа соҳаларини ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланиб, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Янги ўзгартиришлар натижасида Конституциянинг амалдаги 128 моддаси 155 тага кўпайиб, нормалар ҳажми 65 фоизга ошганини кўриш мумкин. Лойиҳага 27 та янги модда киритилмоқда, 91 та модда эса ўзгартириш ва қўшимчалар билан бойитилди.
Масалан биргина, 19-моддага эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади. Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Таъкидлаш жоизки, янги Конституцияда давлат ва инсон ўртасидаги муносабатларга оид ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўз аксини топган, фуқаро ҳаёти давомида давлат билан бевосита ижтимоий муносабатга киришади, эндиликда улар ўртасидаги қонунчиликда мавжуд бўлган ноаниқликлар, тартибга солинмаган ҳолатлар фуқаро фойдасига ҳал қилиниши белгиланмоқда. Бу жараён инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бўлиб, келажакда келиб чиқадиган муаммоларга ечим топади.
Бундан ташқари, янги лойиҳада Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқлангани, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролар давлат хизматига кириш учун тенг ҳуқуққа эга эканлиги қайд этилди. Ваҳоланки, давлат фуқароларнинг бандлигини, таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши хусусидаги норманинг киритилиши давлатнинг фуқаролар олдидаги масъулиятини оширади.
Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқда-ки, ривожланган демократик давлатларда ҳеч бир шахс ўз ижтимоий-шахсий ҳаётини, ҳуқуқ ва қонунда белгиланган манфаатларини ҳимоя қилишни Конституциясиз тасаввур қила олмайди, бу боис мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб олиши даркор.
Алишер Каримов, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди эксперти