Узоққа бормайлик. Бунга биргина мисол қилиб, 1991 йил 31 августда мамлакатимиз парламенти (Ўзбекистон Республика Олий кенгаши)нинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида”ги қарори ва мазкур қарорга мувофиқ, 1 сентябрь – Мустақиллик куни деб эълон қилинганини кўрсатиш мумкин. Бунга яна мисоллар келтириш мумкин, бироқ, биз Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2023 йил 13 март куни бўлиб ўтган мажлисида қабул қилинган Конституциявий суднинг тарихий қарорига тўхталмоқчимиз.
Жамоатчилик томонидан Конституциявий суднинг “тарихий қарори” сифатида эътироф этилаётган ушбу муҳим ҳужжат, мамлакатимизда 2023 йилнинг 30 апрель куни ўтказилиши белгиланган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасини қабул қилиш бўйича Референдум билан бевосита боғлиқ эканлигидадир. Қолаверса, барчамиз гувоҳ бўлаётганимиздек, Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг муҳим даврига асос солинмоқда. Давлат қурилишида энг аввало – “Инсон-жамият-давлат” тамойили устуворлик касб этмоқда. Ушбу устувор мақсадлар, қолаверса, мамлакатимиз тараққиётининг юқори поғонага олиб чиқишга бўлган халқимизнинг орзу-истаги, шунингдек дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашга бўлган интилиши давлат қурилишида туб ислоҳотлар ўтказиш ҳамда унинг конституциявий ҳуқуқий пойдеворини янада мутаҳкамлаш заруратини келтириб чиқарди.
Айнан шулар сабаб, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишга ва кейинчалик халқимиз томонидан билдирилган асосли ва салмоқли таклифлар асосида, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишга туртки бўлди.
Маълумки, “Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил 24 июндаги Қарорига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси 2022 йил 25 июндан 5 июлга қадар умумхалқ муҳокамасига қўйилди ва“Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталарида ҳамда “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформасида эълон қилинди.
Конституциявий ислоҳотларга жамоатчиликнинг эътибори юқорилиги, Конституциявий қонун лойиҳаси катта қизиқиш билан кўриб чиқилаётганлиги ҳамда фуқаролар томонидан билдирилган кўплаб таклифлар ва фикрлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил 4 июлдаги Қарорига мувофиқ Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси 2022 йил 15 июлга қадар узайтирилди.
Муболағасиз айтиш мумкинки, мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси ўтган бир йил давомида умумхалқ муҳокамасидан муваффақиятли ўтди.
Мамлакатимиз Президентининг 2023 йил 6 март куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар вакиллари, Сенат аъолари, давлат ҳокимияти органлари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашуви давомида билдирган таклифига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорини амалдаги мамлакатимиз Конституциясига мувофиқлигини аниқлашни сўраб, парламент қуйи палатаси Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилди.
Ушбу масалани ўрганиш учун Конституциявий суд қуйидаги саволарга аниқ ва тўлақонли жавоб бериши керак эди. Яъни, биринчидан, Конституциявий қонун лойиҳасини қабул қилиш тартибига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан тўлиқ риоя қилинганми; иккинчидан, референдумни тайинлаш тартибига-чи, учинчидан, Конституциявий қонун лойиҳасида референдум предмети бўлиши мумкин бўлмаган масалалар мавжуд эмасми?
Юқоридаги саволлар Конституциявий суд томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва ўзининг 2023 йил 13 март куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги 3017-IV-сон қарорини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ деб топди. Мазкур қарорнинг тўлиқ матни расмий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган. Шунинг учун ўрганилган масалаларга атрофлича тўхталишга зарурат бўлмасада, унинг энг муҳим жихатларига қисқача бўлсада, эътибор қаратишни лозим топдик.
Хуллас, Конституциявий суд томонидан юқоридаги масала бўйича чиқарган қарорга нималар омил бўлди?
Биринчидан, шуни таъкидлаш жоиз, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда амалдаги қонунларга тўлиқ риоя этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг ҳажми ва кўлами, хусусан, унинг моддалари 128 тадан 155 тага кўпаяётганлиги, амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилаётганлигини инобатга олиб, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Конституциясини янги таҳрирда баён этишга асос бўлган.
Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган ва унинг натижасида лойиҳа маромига етган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган халқ ҳокимиятчилиги конституциявий принципига (Конституциянинг 7-моддаси)га мос келади.
Юқорида баён этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасини қабул қилишнинг қонунда белгиланган тартибига риоя этилган, деган хулосага келди.
Иккинчидан, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан референдумни тайинлаш тартиби белгиланган бўлиб, унга асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси референдум ўтказиш ташаббусини кўрсатиш тўғрисидаги материалларни ва масъул қўмита хулосасини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши керак эди. Яъни: референдумни тайинлаш ва уни ўтказишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида; референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида; референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусда таклиф қилинган қонунни ёки бошқа қарорни референдум ўтказмасдан туриб қабул қилиш ҳақида. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг референдум масаласига доир қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади.
Тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилиш асосида Конституциявий суд Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари референдум ўтказиш тўғрисидаги материалларни ва ўз хулосаларини 2023 йил 7 мартда Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритганлигини ҳамда 2023 йил 9 ва 10 март кунлари бўлиб ўтган Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида масъул қўмиталарнинг ушбу ташаббуси маъқулланганлигини ҳамда Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилиниб, Сенатга юборилганлигини аниқлаган.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига мувофиқ Олий Мажлис палаталарининг референдумни ўтказиш ва референдум ўтказиладиган санани тайинлаш тўғрисидаги қарорларида уни ўтказиш санаси белгиланади ҳамда бунда овоз бериш палаталарнинг қарорлари эълон қилинган кундан эътиборан бир ярим ойдан уч ойгача бўлган даврда исталган кунга тайинланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Конституциявий суд Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги референдум ўтказиш масаласига доир қарорида Ўзбекистон Республикаси референдуми 2023 йил 30 апрель – якшанба куни ўтказилишини белгилаганлиги ва бунда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида белгиланган талабга риоя этилганлигини аниқлади.
Шу билан бирга, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида референдум ўтказилишини истисно этадиган ҳолатлар белгиланган бўлиб, Конституциявий суд мазкур масалани ўрганиб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари ҳисобланади.
Палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига кирадиган масалалар, қоида тариқасида, аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатасида, сўнгра Сенатда кўриб чиқилади. Мазкур конституциявий нормалардан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мурожаатида кўрсатилган масала Сенатнинг тегишли қарори билан ҳам тасдиқлангандан сўнг амалга оширилади. Юқоридагилар асосида Конституциявий суд Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан референдумни тайинлаш тартибига риоя этилган, деган хулосага келди.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 9-моддасига мувофиқ, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ қуйидаги масалалар референдум предмети бўлиши мумкин эмас: Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш; Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва солиқлар; амнистия ва афв этиш; жамоат тартибини, аҳоли соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар ўтказиш; Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш; мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш.
Ўрганишлар асосида шу нарса маълум бўлдики, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасида белгиланган референдум предмети бўлиши мумкин бўлмаган масалалар аниқланмади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Конституциявий суд мазкур Конституциявий қонун лойиҳасининг референдумга қўйилишини бевосита демократия, халқ ҳокимиятчилигини амалга оширишнинг конституциявий-ҳуқуқий шакли ва ифодаси, деб топди.
Юқорида таъкидланган ва кенг жамоатчилик томонидан “тарихий қарор” дея эътироф этилган Конституциявий суд ҳужжатини қабул қилинишига асосан шулар омил бўлди.
Келинг, шу ўринда, оддий фуқаро сифатида 2023 йил 30 апрель кунига белгиланган ва умумхалқ референдумига қўйилаётган Конституциявий қонун лойиҳасининг асосий мазмун-моҳияти ҳақида ва ундаги энг муҳим жиҳатларга шахсий фикр-мулоҳазаларимизни баён этсак.
Алоҳида эътироф этиш жоизки, янгиланаётган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси илк маротаба умумий овозга –референдумга олиб чиқилмоқда. Бу – қонун ижодкори ҳам, уни қабул қилувчи ҳам халқ бўлиши керак, деган тамойилга тўлиқ жавоб беради. Шунинг учун янги Конституция лойиҳаси муқаддимасида “Ўзбекистоннинг ягона халқи ушбу Конституцияни қабул қилиш ва эълон қилиш”и белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, Конституция муқаддимасида “давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таянилаётгани” ва “Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилишини” конституциявий даражада белгилаб қўйилаётганини муҳим жиҳат сифатида эътироф этиш ўринли бўлади.
Конституциявий қонун лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати амалдаги Конституцияда белгиланган Давлат суверенитети принципининг янада мустаҳкамланаётгани бўлиб, унинг 1-моддаси, биринчи бандида “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” эканлиги белгиланаётганида деб биламиз.
Аввал, Ўзбекистонда бошқарувнинг республика шакли мавжуд бўлсада, бироқ бошқарувнинг республика шаклига асосланиши Конституцияда расман қайд этилмаган.
Ўзбекистон “ижтимоий ва дунёвий давлат” эканлигини алоҳида конституциявий норма сифатида белгиланиши ҳам диққатга сазовор.
Ушбу қоиданинг янги Конституцияда белгиланиши ва аҳамияти нечоғлик катта эканлигини тасаввур этиш қийин эмас. Чунки, аҳолининг аксариятини кўп болали оилалар ташкил этиши, мамлакатда ёшлар умумий аҳолининг 60 фоизидан иборатлиги, шунингдек республикамизда турли динга эътиқод қилувчилар ва диний конфессиялар вакилларидан иборат аҳоли қатлами истоқомат қилишини инобатга оладиган бўлсак, юқоридаги конституциявий норма аҳамиятини тасаввур этиш қийин бўлмайди.
Ўзбекистонда давлат қурилиши ижтимоий тамойилларга асосланса, халқимизга нима беради?
Маълумки, хорижий давлатлар ижтимоий сиёсати таҳлилига кўра ижтимоий давлат учта модел – Скандивания, Континентал, Америка-Буюк Британия моделларига ажратилади.
Швеция, Финляндия, Дания, Норвегия давлатлари Скандинавия моделини ўзида намоён қилади. Булар қандай моделлар?
Маълумот ўрнида.Ушбу мамлакатларда давлат бюджетни қайта тақсимлаш орқали ижтимоий харажатларнинг анчагина қисмини ўз бўйнига олади. Бу давлатлар ўз фуқароларининг ижтимоий фаровонлиги, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларига, болалар ва ёшларга, кексаларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун масъул бўлади. Бу фаолият давлат бюджети ва ижтимоий суғурта жамғармалари томонидан молиялаштирилади. Бу ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш асосан муниципалитетлар, яъни маҳаллий бошқарув органлари томонидан амалга оширилади.
Германия, Австрия, Бельгия ва Францияда ижтимоий давлатнинг континентал модели юқори даражада ривожланган. Бу давлатларда ҳукумат асосан аҳолининг муҳтож қисмига ижтимоий ёрдам пулларини беришга масъул ҳисобланади. Лекин аҳолига давлат ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан шуғулланмайди. Ижтимоий харажатлар давлат ва хусусий ижтимоий суғурта жамғармалари томонидан қопланади. Яъни ижтимоий таъминот бюжетдан ажратиладиган маблағлар ҳамда иш берувчи ва ходимларнинг суғурта бадалларидан таъминланади.
Кўриниб турибдики, Конституцияда Ўзбекистон “ижтимоий ва дунёвий давлат” эканлигини алоҳида қайд этилиши жуда улкан мақсадларга асосланади.
Шунингдек, Конституциявий Қонуннинг 20-моддаси 3, 4, 5 қисмида белгиланган қоидаларга алоҳида эътибор қаратиш керак деб ўйлайман.
Уларда тегишинча, “...Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.
Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.
Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”.
Булар “Инсон қадри учун” деган тамойилни конституциявий даражада мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Яна бир гап. Амалдаги Конституциямизнинг 25-моддасида белгиланган “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас” деган норма такомиллаштирилмоқда.
Эндиликда, “Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.”
Айниқса, “Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт” (27-модда) эканлигини белгиланиши ҳам жуда муҳим конституциявий норма ҳисобланади.
Конституциявий Қонун лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати, унинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қатор нормалари тўғридан тўғри акс эттирилаётганида деб ўйлаймиз (28-моддаси).
Келгусида, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчи ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларга эга бўлади.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.
Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.
Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас.”Деган қоидалар Конституцияда ўз аксини топади.
Шулар қаторида, Конституциявий Қонун лойиҳасининг 31-моддасида “Хабеас-корпус” институти қоидалари тўлиқ акс этаётгани, унинг асосий ютуқларидан деб биламиз.
Демак, “Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади” деган нормалар ҳам Конституцияда тўғридан-тўғри ҳимояланади.
Агар, Конституциявий Қонун лойиҳасининг 15-моддаси 2-қисмида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади” деган норма белгиланаётганини инобатга оладиган бўлсак, юқоридаги конституциявий қоидалар аҳамиятини ўзимизда янада кенгроқ тасаввур этамиз.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг туб моҳиятида “инсон-жамият-давлат” деган тамойил илгари сурилган.
Бу янгиланаётган Ўзбекистонда ИЖТИМОИЙ давлат барпо этиш олий қадриятга айланаётганидан далолатдир.
АБДУМАННОБ РАҲИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди судьяси,
юридик фанлар номзоди