eye
Конституциявий суд Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорини кўриб чиқишга киришди

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди иш юритувига Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги 3017-IV-сон қарорининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш сўралган мурожаати келиб тушди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мурожаати ва унинг иловаларини “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 29-моддасида белгиланган Конституциявий судга мурожаатга қўйиладиган талабларга мувофиқлигини ўрганиб, унинг мазкур талабларга жавоб беришини аниқлади ҳамда мазкур мурожаатни кўриб чиқиш мумкин, деган хулосага келди.

Юқоридагиларга асосан Конституциявий суд “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 33-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарорини кўриб чиқиш учун қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун талабларига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарорини кўриб чиқишни бошлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш бўйича Конституциявий суднинг очиқ суд мажлиси 2023 йил 13 март куни бўлиб ўтиши белгиланди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш