eye
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ОДИЛ СУДЛОВНИНГ ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ КАФОЛАТЛАШДАГИ АҲАМИЯТИ
2021 йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон Адвокатлар палатасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонуннинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашдаги аҳамияти” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирни Адвокатлар палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ш.Садиков ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари А.Ғафуров кириш сўзи билан очдилар.

Видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилган давра суҳбатида Конституциявий суд судьялари, Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг  вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги адвокатлик тузилмалари вакиллари,       шунингдек ОАВ вакиллари ҳам иштирок этдилар.

2021 йилнинг 27 апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилинди. Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши – мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни либераллаштириш ғояларига мувофиқ бўлиб, бир қатор принципиал янгиликлар киритилиши билан боғлиқ.

Конституциявий суд раиси ўринбосари А.Ғафуров янги Қонуннинг мазмуни ва аҳамияти ҳақида гапириб, ундаги бир қатор янгиликлар конституциявий одил судловни янги босқичга олиб чиқади, деб таъкидлади.  Хусусан, Қонун билан Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилди. Мазкур субъектларга – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда фуқаролар ва юридик шахслар киради.

Шунингдек, Қонуннинг асосий янгиликларидан бири – фуқаролар ва юридик шахсларга  конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Бунда агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир. Ушбу механизмни жорий этиш Конституциянинг 44-моддасида мустаҳкамланган ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ишончли кафолатлашга хизмат қилади. 

Конституциявий суд судьяси С.Кошаева “Фуқаролар ва юридик шахслар томонидан конституциявий судга мурожаат қилиш тартиби” мавзусида батафсил тушунтириш берди.  

Шунингдек, тадбирда Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи М.Рахимов “Фуқаролар ва юридик шахслар конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда адвокатларнинг роли” мавзусида маъруза қилди.

Конституциявий суднинг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқиш масалаларига оид савол-жавоблар ва мунозаралар бўлиб ўтди. Бунда Конституциявий судда фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишнинг  процессуал хусусиятлари, адвокатларнинг фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ ҳимоя қилишда ўрни ва ролига оид фикрлар алмашилди.

 

      Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

 

Ўзбекистон Республикаси

Адвокатлар палатаси

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш