eye
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА КОНСТИТУЦИЯВИЙ НАЗОРАТ
2021 йилнинг 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистонда конституциявий назорат” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

2021 йилнинг 27 апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилинди. Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши – мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар натижаси ўлароқ инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган янги қонунда бир қатор принципиал янгиликлар киритилган.

Конституциявий суд раиси ўринбосари А.Ғафуров янги Қонуннинг мазмуни ва моҳияти ҳамда унинг аҳамияти ҳақида гапириб, ундаги бир қатор янгиликлар конституциявий одил судловни янги даврини бошлаб беради, деб таъкидлади. Хусусан, Қонун билан Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилди. Мазкур субъектларга – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда фуқаролар ва юридик шахслар киради.

Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири – фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқининг берилиши бўлди. Фуқаролар муайян ишда қўлланган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиши мумкин. Ушбу механизмни жорий этиш Конституциянинг 44-моддасида мустаҳкамланган ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ишончли кафолатлашга хизмат қилади.  

Давра суҳбатида сўзга чиққан Бош прокуратураси Академияси бошлиғининг ўринбосари М.Мамасиддиқов Конституциявий суд фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик асосларини такомиллаштиришнинг аҳамияти, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашдаги роли ҳақида фикр юритди.  

Давра суҳбати давомида Конституциявий суднинг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқиш масалаларига оид савол-жавоблар ва мунозаралар бўлиб ўтди.

Тадбир якунида замонавий демократик давлатларда конституциявий одил судлов инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаши, Ўзбекистонда конституциявий одил судловнинг жорий этилиши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.  

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокуратураси

Академияси

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш