eye
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди

2021 йилнинг 30 апрелида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди.  

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун 2021 йил  28 апрель куни эълон қилинди ва кучга кирди.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунининг қабул қилинишидан келиб чиқадиган вазифалар кўриб чиқилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, шунингдек Конституциявий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.   

Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов мажлисни кириш сўзи билан очиб, “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши – мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни либераллаштириш ғояларига мувофиқ бўлиб, конституциявий суд ишларини юритишни ривожлантиришга хизмат қилиши, бир қатор принципиал  янгиликлар киритилиши билан боғлиқлигини таъкидлаб ўтди.

Конституциявий суд доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи сифатида қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради. Янги қонуннинг қабул қилиниши Конституциявий судга янги ваколатлар берилиши билан бирга вазифалар ҳам юклайди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида Конституциявий суднинг ролини янада оширишга хизмат қилади.

Қонун билан Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилди. Мазкур субъектларга – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда фуқаролар ва юридик шахслар киради.

Қонуннинг асосий янгиликларидан бири – фуқаролар ва юридик шахсларга муайян ишда қўлланган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда.

Агар қонун фуқаро ёки юридик шахснинг конституциявий ҳуқуқларини бузаётган бўлса, муайян ишда қўлланилган ва ишнинг судда кўриб чиқилиши тугалланган бўлса, фуқаролар ва юридик шахслар Конституциявий судга мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Яъни, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги инструменти сифатида конституциявий  шикоят институти жорий этилмоқда.

Ушбу механизмни жорий этиш Конституциянинг 44-моддасида мустаҳкамланган ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишни янада ишончли кафолатланишига олиб келади.

“Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунни татбиқ этиш вазифалари юзасидан мажлис иштирокчилари фикр ва мулоҳазалар билан иштирок этдилар.  

Конституциявий суд мажлиси танқидий руҳда ўтиб, унда сўнгги йилларда суд томонидан олиб борилган ишлар бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги, янги Ўзбекистон ва олиб борилаётган ислоҳотларга  мутаносиб равишда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунининг қабул қилиниши муносабати билан амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури белгилаб олинди.  

  

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

30.04.2021 й.

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш