Хабар қилинганидек, бугун 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти томонидан Конституциявий суд ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Вакиллик ҳокимияти органлари тизимини модернизациялашнинг конституциявий-ҳуқуқий муаммолари: Ўзбекистон учун халқаро тажриба” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини давом эттирди.
Халқаро конференциянинг иши олтита сессия доирасида бўлиб ўтди, уларнинг ҳар бири вакиллик ҳокимияти органлари тизимини модернизация қилишнинг асосий йўналишларини кўриб чиқишга бағишланди. Хусусан, халқ ҳокимияти асосларини мустаҳкамлаш шароитида вакиллик ҳокимияти органларининг янги конституциявий қиёфаси, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини модернизация қилиш ва самарадорлигини оширишнинг асосий устуворликлари, парламент назоратини ташкил этиш ва ўтказишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини имплементация қилиш масалалари, вакиллик ҳокимияти тизимини модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалари йўналишида муҳокамалар бўлиб ўтди.
Aнжуман иштирокчилари Ўзбекистон бугунги кунда халқаро ҳамжамиятда самарали, инклюзив ва шаффоф давлат ҳокимияти тизимини барпо этишга қаратилган демократик ислоҳотлар мамлакати сифатида тан олинаётганини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбирнинг аҳамиятини Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150 йиллик юбилей Ассамблеясидан кўп ўтмай ўтказилганлиги янада оширди. Ўзбекистонда бундай нуфузли халқаро форумнинг ўтказилиши мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ўзгаришларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилишининг ифодасидир. Бу, шунингдек, Ўзбекистоннинг глобал мулоқот ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун платформа сифатида тобора ортиб бораётган нуфузидан далолат беради.
Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари, ю.ф.д., профессор А.Гафуров “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида конституциявий қонунийликни таъминлаш” мавзусида маъруза билан иштирок этди.
Конференция иштирокчилари томонидан таъкидландики, бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ҳамжамият томонидан самарали, инклюзив ва шаффоф давлат ҳокимияти тизимини қуришга қаратилган демократик ислоҳотлар мамлакати сифатида эътироф этилмоқда. Бундай юксак баҳо “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг босқичма-босқич амалга оширилиши натижасида мумкин бўлди. Мазкур стратегия давлат ва жамият қурилишининг кейинги босқичлари учун сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий асосларни яратди. Ушбу Стратегия доирасида мамлакат Президенти томонидан демократик институтларни янада мустаҳкамлаш, халқ ҳокимияти механизмларини такомиллаштириш ва фуқаролик жамиятининг ролини ошириш бўйича кенг кўламли вазифалар илгари сурилди.
Конференцияда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдаги муҳим қадамлардан бири сифатида 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилган сайловлари қайд этилди. Вакиллик органларини шакллантиришга оид янги ёндашувлар Ўзбекистоннинг илғор демократик инструментларни жорий этиш, ҳокимиятнинг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, сиёсий партиялар ва фуқаролик институтларининг эркин ривожланишини кафолатлаш борасидаги қатъий интилишларидан далолат беради.
Шу билан бирга, вакиллик ҳокимияти органларининг самарали модернизацияси халқаро тажрибани комплекс ўрганишни, энг яхши хорижий амалиётларни таҳлил қилишни ва мамлакатнинг миллий хусусиятлари ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда уларни қўллаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишни назарда тутади.
Конференция якунларига кўра, янги конституциявий шароитларда Парламент ва вакиллик органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Ушбу тавсиялар методик қўлланмалар, парламент ва депутатлик фаолиятини самарали ташкил этиш, вакиллик ва ижро ҳокимияти ўртасидаги ҳамкорликнинг янги конституциявий шароитлардаги ташкилий-ҳуқуқий моделини ишлаб чиқиш учун асос бўлиши кўзда тутилган.
Халқаро конференциянинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларни илгари суриш ва вакиллик ҳокимияти органлари тизимини такомиллаштириш мақсадида мулоқотга, тажриба алмашишга ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга очиқлигини тасдиқловчи яна бир мисол бўлди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди