eye
Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа кенгаши (Венеция комиссияси) Вице-президенти билан Конституциявий судда учрашув бўлиб ўтди

        Маълумки, 17-18 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Вакиллик ҳокимияти органлари тизимини модернизация қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий муаммолари: Ўзбекистон учун халқаро тажриба” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.

    Конференция ишида Венеция комиссияси, GIZ каби халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди таклифига биноан мазкур халқаро илмий-амалий конференция ишида Ҳуқуқ орқали Демократия учун Европа кенгаши (Венеция комиссияси) вице-президенти Вероника Билкова иштирок этмоқда.

    Конференция доирасида, шунингдек ўзаро ҳамкорлик алоқаларидан келиб чиқиб, 2025 йил 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Венеция комиссияси Вице-президенти Вероника Билкова билан расмий учрашув бўлиб ўтди.

    Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов В.Билковага ташрифи учун миннатдорлик билдириб, Ҳуқуқ орқали Демократия учун Европа кенгаши (Венеция комиссияси)нинг Ўзбекистон Конституциявий суди билан ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланаётгани, конституциявий одил судлов соҳасига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади.

    М.Абдусаломов В.Билкова хонимнинг Тошкентда бўлиб ўтаётган  халқаро илмий-амалий конференция ишида шахсан иштирокини Конституциявий суд ҳамда Венеция комиссияси ўртасидаги яқин ҳамкорликнинг мисоли сифатида келтирди.

    Шунингдек, Ўзбекистонда мамлакатни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлашда Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда.

    2023 йили умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги Конституцияда Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича халқимизнинг   интилишлари ўз аксини топди. Конституциянинг референдум йўли билан қабул қилиниши халқ ҳокимиятчилиги принципининг энг олий кўриниши сифатида унга юқори легитимлик бағишлайди. 

    Асосий қонун давлат органларининг фаолиятини демократлаштиришга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган янгича конституциявий – ҳуқуқий шароитларни яратди.

    В.Билкова хоним таклиф учун миннатдорлик билдириб, Венеция комиссияси Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорлик қилишдан мамнун эканлигини билдирди.

    Венеция комиссиясига 61 давлат аъзо бўлиб, унда Европа давлатлари, Америка қитъаси, Канада, Мексика, Қозоғистон, Қирғизистон давлатлари аъзо эканлиги такидланди.

     Томонлар эндиликда эришилган натижалар билан бир қаторда ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, хусусан фундаментал ҳуқуқлар, суд-ҳуқуқ масалалари, конституциявий одил судлов ҳамда конституциявий шикоят институти масалаларида, шунингдек Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари Ассоциациясига раислик 2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ўтиши муносабати билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди Девони

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш