20 март куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти ҳамда халқаро эксперт Мари-Энн Биркен билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, раис ўринбосари А.Гафуров, судьялар К.Давлетова, А.Рахманов ҳамда Девон ходимлари К.Хамидова, Ш.Исакулов ва Х.Абдурахмановлар иштирок этди.
Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов Сума Чакрабартига ташрифи учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни кенгайишига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ сўнгги йилларда республикада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонунчиликни демократлаштириш, шунингдек, Конституциявий суд ва судьяларининг мустақиллигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Хусусан, 2021 йил 27 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда кенг қамровли демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ва конституциявий одил судловни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш амалиёти очиқ суд мажлисида кўриб чиқилмоқда. Конституциявий суд мажлислари телевидение орқали тўғридан тўғри эфирга берилмоқда.
Сума Чакрабарти конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда конституциявий одил судлов органининг ролини юқори баҳолади. Мамлакатга келаётган хорижий инвесторлар учун ҳуқуқий макон, қонунчилик ҳолати катта роль ўйнаши ҳақида фикр юритиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ривожлантириш йўлида катта ишларни амалга ошираётганини таъкидлаб ўтди. Мазкур ишларни амалга оширишда янги лойиҳалар таклиф этилаётгани, хусусан, тадбиркорлик йўналишида Тошкент халқаро тижорат судини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинаётганлиги ҳақида гапириб берди. Халқаро тижорат суди хорижий давлатлардан келган инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилишини таъкидлади.
Хорижий эксперт Мари-Энн Биркен хоним лойиҳанинг аҳамияти ва ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларига тўхталиб, мазкур йўналишда хорижий давлатларда амалга оширилган лойиҳалар ҳақида ҳам батафсил гапириб берди.
М.Абдусаломов меҳмонлар томонидан берилган маълумотлар учун миннатдорлик билдириб, ушбу лойиҳани ҳар томонлама чуқур ўрганиш лозимлиги, унда солиқ, божхона, виза, судда тарафлар иштироки масалалари, суд юритиладиган тил, кадрлар масалалари каби жиҳатларига эътибор бериш лозимлигига тўхталиб ўтди.
Самимий ва дўстона руҳда кечган мулоқотда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда халқаро майдонда мамлакатимиз имижини ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди