eye
Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилишнинг конституциявий кафолатлари

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш – бу инсон саломатлиги ва табиатнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида атроф-муҳитни асрашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуасидир. Бу соҳадаги фаолият табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш, ҳаво ва сув сифатини назорат қилиш, биохилма-хилликни сақлаш каби йўналишларни ўз ичига олади. 

Атроф-муҳитдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича умумий қоидаларни белгилайдиган ва умумий тартибга солувчи нормалар тизимида Конституция нормалари алоҳида ўринга эга. Унда мамлакатнинг экологик стратегиясининг асосий йўналишлари, экологик талабларни таъминлаш кафолатлари ва аҳолининг экологик хавфсизлиги белгиланган.

Асосий қонунда давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг экологик фаолиятини шакллантиришнинг муҳим тамойиллари мустаҳкамланган, фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳамда мажбуриятлари белгилаб қўйилган.

Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилишнинг конституциявий кафолатлари давлатнинг табиатни муҳофаза қилиш ҳамда фуқароларнинг соғлом атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқини таъминлаш борасидаги ҳуқуқий механизмларини ўз ичига олади. Шунингдек, фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари, соғлом атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқи, экологик ахборот олиш ҳуқуқи, атроф-муҳитга таъсир этувчи қарорлар қабул қилинишида иштирок этиш ҳуқуқи ва табиатни муҳофаза қилишга доир ҳуқуқбузарликларга қарши шикоят қилиш ва талаб қўйиш ҳуқуқи белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида экологик нормалар тизими ўз ифодасини топган бўлиб, уларга фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари (49-модда), фуқаролар атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти (62-модда), ёшларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши (79-модда), маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг экологик ваколатларини (123-модда) киритиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасига мувофиқ, ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга. Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мажбурияти белгилаб қўйилган. Шунингдек, давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради. Конституциянинг 49-моддасига кўра, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик ва атроф-муҳитнинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиши мумкин.

Шу билан бирга фуқароларда ўз саломатлиги ва келажак авлоднинг саломатлиги учун қулай табиий муҳитда яшаш, саломатлигини атроф муҳитнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш ҳуқуқи мавжуд. Айни пайтда фуқаролар табиатни муҳофаза қилиш бўйича жамоат ташкилотларига бирлашиш, атроф табиий муҳитнинг аҳволи ҳамда уни муҳофаза қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга доир ахборотларни талаб қилиш ва олиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.

Шунингдек, Конституциянинг 62-моддасида, фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбуряти белгилаб қўйилган. Яъни, фуқаролар табиий ресурслардан оқилона фойдаланиши, табиат бойликларига эҳтиётлик билан муносабатда бўлиши, экология талабларига риоя этиши шарт.

Бундан ташқари, давлат Конституциянинг 79-моддаси талабларидан келиб чиқиб, ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради.

Атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган чора-тадбирлар қаторида экологик таълим ва экологик маданиятни ошириш тизимини такомиллаштириш муҳим ўрин тутади. Бу ёш авлоднинг экологик билимларини ва маданиятини ошириш, уларда табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш масъулиятини шакллантиришга қаратилган. Шунингдек, бу борада илм-фанни ривожлантириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Конституциянинг 123-моддасига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг конституциявий ваколатлари доираси ҳудудларни “экологик жиҳатдан ривожлантириш” масаласи ҳам киради. Мазкур норманинг аҳамияти биринчидан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича асосий вазифаларни белгилаши, иккинчидан, барча даражадаги ҳокимларнинг ўз ҳудудида экологик қонунчилик талабларига риоя этилиши учун шахсий жавобгарлигини белгилаш билан боғлиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасига кўра, “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”. Ушбу конституциявий норма давлатнинг экологик фаолиятининг қуйидаги асосий принципларини белгилайди:

- умуммиллий бойликни муҳофаза қилиш. Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси каби табиий ресурслар халқнинг умумий мулки ҳисобланади ва уларни муҳофаза қилиш давлатнинг асосий вазифаларидан биридир;

- оқилона фойдаланиш. Табиий ресурслардан фойдаланишда экологик меъёрлар ва барқарор ривожланиш тамойилларига риоя қилиш талаб этилади.

- давлат муҳофазаси. Табиатни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида давлат қонунчилик ва бошқарув механизмлари орқали назоратни амалга оширади.

- барқарор ривожланиш. Табиий ресурслардан келажак авлодлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш.

- экологик хавфсизлик. Атроф-муҳитга зарар етказмаслик, экологияни муҳофаза қилиш ва тиклаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

 - фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш. Ҳар бир шахснинг соғлом атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқини кафолатлаш ва уларнинг экологик хабардорлигини ошириш.

- жавобгарлик ва назорат. Табиий ресурсларга зарар етказганлик учун ҳуқуқий жавобгарликни кучайтириш, давлат ва жамият назоратини таъминлаш.

Ушбу принциплар давлатнинг экологик сиёсати ва барқарор ривожланиш стратегиясининг асосий йўналишларини белгилаб беради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. 2023 йил 31 майда “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга кўра, экологик хавфсизликни таъминлаш, чиқиндиларнинг инсон саломатлигига зарарини олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва санитария ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. 

2024 йил 26 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон экологик маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш, чиқиндилар билан ишлашда жамоатчилик иштирокини ошириш ва экологик назоратни кучайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. 

Юқорида қайд этилган барча ислоҳотлар ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг экология соҳасида олиб бораётган сиёсатининг ижобий натижалари эканлигини тасдиқлайди. Ушбу сиёсат Конституцияда белгиланган тамойилларга асосланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши бу соҳадаги конституциявий нормалар ва тамойилларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотлар Ўзбекистонда барқарор ривожланишни таъминлаш, фуқароларнинг саломатлиги ва фаровонлигини оширишга қаратилган. Давлат органлари, жамоатчилик ва ҳар бир фуқаронинг бу жараёндаги фаол иштироки экологик муаммоларни самарали ҳал этишга хизмат қилади. 

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суд судьялари

Ж.Балкибаева, К.Давлетова

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш