https://uza.uz/uz/
“Коррупцияга қарши кураш – умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон ишидир. Умуман, бу жараёндан ҳеч ким четда турмаслиги керак.
Шавкат Мирзиёев
Жорий йилнинг 5 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишида мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётганини таъкидлаб, “Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади” деб, барча раҳбарларни қаттиқ огоҳлантирди.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон тараққиётининг дастлабки беш йилик даврида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан ўтган йилларда 50 га яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинган.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 декабрда биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасидабарчамизнинг диққат эътиборимизни - Суд идоралари ҳали-ҳамон адолат қарор топадиган масканга айланмаганига қаратгани кўпчиликни ёдида бўлса керак. Бу мамлакатимиз етакчисининг ихтидорга келган биринчи кунлардан бошлаб коррупция иллатига ўта муросасиз бўлганликларини ва судлар мустақиллигини таъминлшга алоҳида эътибор қаратганларини кўрсатади. Айнан шунинг учун ҳам Янги Ўзбекистонда энг аввало судлар мустақиллигини таъминлаш ва шу орқали суд тизимини коррупциядан холи соҳага айлантириш борасида улкан ишлар олиб борилди.
Орадан етти йилдан кўпроқ вақт ўтди. Сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар амалда ўзининг самарасини бера бошлади.
Яхши биласиз, судларнинг асосий вазифаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бунда судьяларни мустақил бўлиши ниҳоятда муҳимдир. Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, бугунги кунга келиб судлар томонидан оқланган шахслар юзасидан статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги етти йилда жами оқланган шахслар 4000 дан зиёд кишини ташкил этмоқда. Буни йиллар бўйича ўсиш динамикаси кузатиладиган бўлса, 2017 йилда 263 та, 2018 йилда 867 та, 2019 йилда 3080 та, 2020 йилда – 3434 та, 2021 йилда – 5930 та, 2022 йилда – 8453 та, 2023 йилда – 7362 та шахс суд залидан озод этилган. Шунингдек, 2017-2023 йиллар давомида жами - 5956 нафар шахс судлар томонидан оқланган.
Ушбу кўрсаткичлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ошганлигининг реал маҳсулидир. Чунки, давлат раҳбари таъкидлаганидек: ”Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Акс ҳолда, буюк немис файласуфи Иммануил Кант айтганидек, “Адолат йўқолган пайтда, ҳаётнинг қадрини белгилайдиган бошқа ҳеч нарса қолмайди”...
Дарҳақиқат, “Одил судловнинг самарадорлигига фақат суд мустақиллиги, судьяларнинг қонун доирасидаги мутлақ эркинлигининг ҳосиласи сифатида қараш унчалик тўғри бўлмаслиги мумкин. Одил судлов самарадорлиги ўзаро бир-бирини тақозо этувчи жуда кўп омилларга боғлиқ. Жумладан, одил судловни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизми қанчалик такомилашганлигига, суднинг давлат ҳокимияти бошқа органлари билан муносабати ҳолатига боғлиқ бўлади. Демокчимизки, суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақлигини таъминлашда давлат ҳокимияти тизимининг муҳим тармоғи бўлган қонун чиқарувчи ҳокимият билан ўзаро муносабатларини замон талаблари даражасида ташкил этиш лозим. Чунки, мамлакатда қонун чиқарувчи ҳокимият соҳиби бўлган - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси мамлакатимиз суд ҳокимияти тизимининг қонунчилик асосларини ишлаб чиқади, уни шакллантиришда бевосита иштирок этади ҳамда тегишли қонунларни қабул қилади. Суд ҳокимияти эса ўз навбатида, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлайди, парламент қонун ижодкорлигида иштирок этади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади. Президент таъбири билан айтганда, судларнинг асосий вазифаси - адолатни қарор топтириш. Қолаверса, давлат ҳокимиятининг бу икки мустақил тармоғи ўзаро муносабатлари давлат ҳокимиятининг самарали амалга оширилишида ва давлат ҳокимияти тизимида мутаносиб ҳамда барқарор мувозанатни сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Демак, булар ўртасидаги самарали ҳамкорликни таъминламасдан туриб, дунёнинг ривожланган мамлакатларида бўлгани каби қонун устуворлигини таъминлашда ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда кутилган натижаларга эришиб бўлмайди.
Мамлакатимиз суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. У томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ва Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида бажарилиши мажбурийдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирдаги Конституциясининг 136-моддасида белгиланганидек, “Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар дахлсиздир. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисоботдор бўлмайди. Айнан шунинг учун ҳам юқоридаги йиғилишда Президентимиз томонидан – “Сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилди. Лекин судьяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилди”.
Шу ўринда судьяларга айрим чекловлар фақат конституциявий даражада ўрнатилганлигини унутмаслик керак. Масалан, судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, судьялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас.
Судьяларнинг мақомини конституциявий даражада белгиланиши замирида, Президентимиз таъбири билан айтадиган бўлсак, судлар том маънодаги “адолат қўрғони”га айланишлари керак. Ушбу тамойилни амалиётга тадбиқ этиш мақсадида Конституциянинг 135-моддаси янги таҳрирда берилгани бежиз эмас. Унда, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.
Эътибор берган бўлсангиз кейинги йилларда судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг муҳим органи - Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг фаолияти мунтазам равишда такомиллаштирилмоқда.
Унинг зиммасига судьялик лавозимларига номзодларни энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлов асосида танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига номзод тавсия этиш орқали судьялар корпусини шакллантириш; судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашувдан самарали ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриш ва бошқа қатор вазифалар юклатилди.
Энг муҳими, судьялар мустақиллигини том маънода таъминлашнинг муҳим шарти бўлган, уларни ваколат муддатини янги тартиби жорий қилинди. Бугунги кунда халқаро тажриба инобатга олинган ҳолда судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий қилинди. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг алоҳида мақоми эътиборга олиниб, унинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади. Буларнинг барчаси судлар мустақиллигини таҳминлаш борасида қилинаётган ишлар сарасига киради.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгиланган давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятлар бўлиниши принципига асосан, суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида конституцявий даражада ўз ўрнини топган. Ушбу мақом суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ҳокимият билан ўзаро муносабатларини таҳлил қилиш заруратини ва уни янада такомиллаштиришда нималарга эътибор қаратиш кераклигини кун тартибига қўяди. Айниқса, бугун шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида давлат ҳокимияти тармоқларини ўзаро муносабатларини янги босқичга кўтариш жуда муҳимдир. Чунки, давлат ҳокимияти тизими бўлиниши принципи - бу ҳокимиятлар ваколатларни тенг тақсимлаб олиши эмас, балки давлат ҳокимиятини бошқаришда бир-бирларини вакоталарини ўзлаштириб олмаслик, аксинча, ҳамкорликда фаолият юритишлари тушунилади.
Мамлакатимизда парламент ва суд ҳокимияти фаолиятига оид қонун ҳужжатларида уларнинг ҳуқуқий мақоми бўйича белгиланган нормалар таҳлилидан кўриш мумкинки, уларнинг ўзаро муносабатларининг шакли ва йўналишлари турлича. Уларнинг энг муҳимлари қаторида парламент томонидан суд ҳокимияти органлари ва ваколатларининг белгиланиши, парламентнинг юқори палатаси - Сенат томонидан Конституциявий суд ва Олий суд аъзоларини сайланиши; суд ҳокимиятининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эканлиги, Конституциявий суд томонидан қонун чиқарувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш; конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси таркибида унинг нормал фаолиятини таҳдидга соладиган, ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда ёхуд у бир неча марта Конституцияга зид қарорлар қабул қилган тақдирда, Президент томонидан Олий Мажлисни тарқатиб юборилишида Конституциявий суднинг иштироки; Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида, шунингдек уларнинг органлари мажлисларида Конституциявий суд ва Олий суд раисларининг иштирок этиши; Конституциявий суд ишлари юритилаётганда Қонунчилик палатаси Спикери, Сенат раисининг иштироки ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси устуворлигини таъминлашда мамлакатимиз Конституциявий судининг алоҳида ўрни борлигини эътироф этиш зарур. Бу Конституциявий суднинг алоҳида мақомга эга суд ҳокимияти эканлигини кўрсатади. Масалан, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди; Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди; референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради; Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради; Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради; Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади; конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.
Конституциявий суд юқоридаги ваколатларни амалга ошириш баробарида Конституция устуворлиги таъминлайди ва айрим норматив-ҳужжатларда учраши мумкин бўлган, аниқроғи келиб чиқиши мумкин бўлган корруция ҳолатларини ҳам олдини олади.
Конституциявий суднинг ҳужжати расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади, Конституциявий суд чиқарган ҳужжатнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у қатъий ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, Конституциявий суднинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Олий Мажлис палаталари қарорлари устидан конституциявий назоратни амалга ошириши, яъни уларнинг Конституцияга мослигини аниқлаш ваколати билан таъминланганлиги давлат ҳокимияти тизимида мувозанатни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини кафолатлашнинг муҳим воситаси эканлигидан келиб чиққан, десак хато бўлмайди.
Конституциявий назорат институти аксарият демократик давлатларда амал қилади ва у дастлабки (қонун кучга кирмай туриб) ёки кейинги (қонун кучга кирганидан кейин) шаклларда амалга оширилиши мумкин.
Сўнгги йилларда Давлат раҳбари ташаббуси билан олиб борилган конституциявий назорат институтини такомиллаштиришга оид ислоҳотлар натижасида ҳали кучга кирмаган қонун ҳужжатларини Конституцияга мувофиқлигини кўриб чиқиш амалиёти ҳам қонунчиликда жорий қилинди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 133-моддаси, 2-бандига мувофиқ, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди. Демак, бундан хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам дастлабки, ҳам кейинги шаклда Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш ваколатига эга бўлди.
Юқорида судлар мустақиллигини таъминлаш борасида олиб борилган ислоҳотлар кўлами жуда кенг. Бироқ шундай бўлсада бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар оз эмас.
Қолаверса, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишидан хулоса қиладиган бўлсак, судлар мустақиллигини таъминлаш шахсан мамлакат Президентнинг назоратида эканлиги ва бу борадаги ислоҳотлар келгусида ҳам изчил давом этаверади. Мақсад, инсон қадрини улуғлаш, инсонни рози қилиш қолаверса, уларни конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб таъминлашдир.
АБДУМАННОБ РАХИМОВ,
РАХАТ ИСМАЙЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
судьялари