eye
10 МАРТ – ХАЛҚАРО АЁЛ СУДЬЯЛАР КУНИ

2021 йил 28 апрелда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан 10 март куни Халқаро аёл судьялар куни деб эълон қилинган. Халқаро аёл судьялар ассоциацияси, инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқ институтлари каби ташкилотлар ушбу байрам концепциясини шакллантиришга фаол ҳисса қўшдилар.

Халқаро аёл судьялар кунининг ташкил этилиши профессионал соҳада тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бу гендер тенглигининг глобал тенденцияларини акс эттириб, расмий равишда яқин йилларда халқаро миқёсда тан олинган бўлса-да, унинг аҳамияти борган сайин ўсиб бормоқда.

Халқаро аёл судьялар кунини белгиланиши аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва уларга бўлган эътиборни янада оширишга хизмат қилмоқда. Аёлларнинг суд тизимига қўшган муҳим ҳиссасини тан олишга ҳамда гендер тенглиги тамойилларини илгари суришга қаратилган. Ушбу кун шаффофлик ва суд жараёнидаги барча иштирокчилар учун тенг имкониятлар учун курашнинг рамзидир.

Мамлакатимиз суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятда қонун устуворлиги ва адолат принципларини қарор топтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Уларнинг салмоқли меҳнати жамиятда ижтимоий адолат ва тенгликни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.

Бугунги кунда суд тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг 31 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Судьялар корпусининг 15 фоизи эса аёл судьялардан иборат. Судьялар орасида хотин-қизларнинг улуши ортиши ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назари билан қараш ва баҳо бериш имкониятини бермоқда. Зеро, аёл судья кўриб чиқаётган низоли ишдаги ижтимоий ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ўз муносабатини билдиради. Бу эса жамиятда чинакам ижтимоий адолатнинг таъминланишига хизмат қилади.

Аёл судьялар ўртасида самарали мулоқот ва тажриба алмашишлари учун Судьялар олий кенгаши ҳузурида “Аёл судьялар клуби” ташкил этилган. “Ўзбекистон аёл судьялари” журнали ўзбек ва инглиз тилларида нашр этиб келинмоқда.

Халқаро аёл судьялар кунини нишонлаш нафақат судьялик лавозимларини эгаллаган аёлларнинг профессионаллиги ва фидойилигига ҳурмат, балки аёлларнинг суд тизимини ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси, уларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жамиятнинг адолатга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Халқаро аёл судьялар куни – бу суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни эслатувчи муҳим воқеа. Ушбу кунни нишонлаш орқали жаҳон ҳамжамияти адолат, тенглик ва профессионаллик тамойилларига содиқлигини тасдиқлайди. Тўсиқларни бартараф этиш ва аёлларни одил судловда илгари суришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш янада шаффоф, объектив ва демократик суд тизимини шакллантиришга ёрдам беради.

 

Козимжон КОМИЛОВ,

Конституциявий суд судьяси

Шохрух МАЖИДОВ,

Конституциявий суд катта эксперти

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш