eye
КОНСТИТУЦИЯ – АДОЛАТ УСТУНИ

Конституция ҳар бир давлатнинг асосий қонуни сифатида жамиятнинг барча аъзолари учун адолатли ва тенг ҳуқуқли яшаш муҳитини яратишга қаратилган. Шу билан бирга, Асосий қонун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлайди, давлат ҳокимияти тизимини ҳамда фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлайди.

Маълумки, Конституция Ўзбекистон халқининг иродасини ифодаловчи, суверен давлатчилигимизнинг ҳуқуқий рамзи ва тимсоли, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, инсоний қадр-қиммати ҳамда эркинлигининг ишончли кафолатидир.

Алоҳида ифтихор билан айтиш мумкинки, Конституция – халқимиз ижодининг маҳсули. Зеро Конституциянинг яратилиши ҳам, уни қабул қилиниши ҳам бевосита халқнинг тўғридан-тўғри иштирокида амалга оширилди.

Янги Ўзбекистон Конституциясининг вужудга келишида барча фуқароларнинг ҳиссаси бор. Негаки, бутун Ўзбекистон халқи ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданиятини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини яратиш жараёнида, умумхалқ муҳокамаларида ҳамда уни қабул қилиш бўйича ўтказилган референдумда бевосита иштирок этди.

Мамлакатимизда 2023 йилнинг 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдумида қарийб 65 фоизга янгиланган янги таҳридаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди ва 2023 йилнинг 1 май кунидан эътиборан кучга кирди.

Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистон халқи томонидан инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ҳамда адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган, шунингдек фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли Ўзбекистоннинг фаровонлигини таъминлашни мақсад қилган ҳолда қабул қилинди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатни сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларини барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.

Дунёда cуд ҳокимияти мустақиллиги ва одил судловга эришиш масаласи тобора глобаллашаётган даврда суд ҳокимиятининг ташкил этилиши ҳамда унинг фаолият олиб борилиши билан боғлиқ тартиб-қоидаларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўргатиш асосий муаммо бўлиб қолмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг маълумотларига кўра, суд ҳокимияти мустақиллиги ва судьяларнинг ўз фаолиятларини эркин амалга ошириши бугунги кунда тўлиқ тартибга солинмаган.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 130–140-моддаларида айнан суд ҳокимиятининг конституциявий асослари алоҳида белгилаб қўйилиши ҳам фикримизнинг яққол далилидир. Конституциянинг 130-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади. Мазкур конституциявий нормага биноан одил судловни амалга ошириш, яъни қонун ҳужжатларига асосан жавобгарлик ёҳуд бошқа низолар қонун ҳужжатларига асосан фақат судлар томонидан кўриб чиқилиши, бошқа ҳеч бир ҳокимият органи низоларни ҳал этиш бўйича судлов ишларини олиб бориши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Конституция жамиятда барқарорлик ва тинчликни таъминлашга асос бўлиб хизмат қилади. У фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, давлат ҳокимиятининг суиистеъмол қилинишини олдини олади, жамиятда адолат ва қонунийлик муҳитини яратади.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган кафолатларнинг Конституцияда акс эттирилиши фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга хизмат қилиши билан бир қаторда, судьялар зиммасига “адолат устуни”га айланишдек муҳим ва масъулиятли вазифаларни юклайди.

 

Козимжон КОМИЛОВ,

Конституциявий суд судьяси

Шохрух МАЖИДОВ,

Конституциявий суд катта эксперти

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш