eye
Инсон қадри – олий қадрият

Бугун юртимизда кенг қамровли халқчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур ислоҳатларнинг бош мезони бу Асосий қонунимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясидир.

Инсон қадри – ҳар бир давлат пойдеворининг мустаҳкамлиги белгисидир. Янги Ўзбекистонда бу тамойил қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатни қарор топтиришнинг бош мезони сифатида белгиланган. Янги таҳрирдаги Конституция инсон, унинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган демократик давлат ҳамда очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш учун мустаҳкам замин яратди.

Асосий қонунимиз чин маънода инсон ҳуқуқларини олий қадриятга айлантирган Бош қонунга айланди. Чунки, янгиланган қонунда инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч ярим баробарга ошиб, элликдан ортиқ нормаларда ўз ифодасини топди.

Конституциянинг 13-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Ушбу норма давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар фаолиятининг асосий мақсади ва йўналишларини белгилаб берди.

Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз бўлиб, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига зид келадиган ҳар қандай ҳаракатларга қарши курашиш барча давлат органлари ва идоралари, фуқаролик жамияти институтларининг асосий вазифаларидан биридир. 

Асосий қонуннинг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Ушбу ҳуқуқни амалга оширишда янада қулайлик яратиш мақсадида 2024 йил 16 январда “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар — ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга мурожаат қилишда давлат божи фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартиби жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасига кўра, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлиб, ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Ушбу конституциявий ҳуқуқнинг кафолатини таъминланш мақсадида бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сонли Фармони билан тергов судьялари институти жорий этилди. 

Инсон ҳуқуқларини суд органлари орқали ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмининг таркибий ва ҳал қилувчи қисмидир. Чунки, суд бузилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тиклаш тизимида энг муҳим восита ҳисобланади. Ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд томонидан ҳимоя қилиниши, давлат органлари, мансабдор шахслар ва жамоат бирлашмаларининг ноқонуний ҳаракатларидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.  

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди. 

Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида чинакам адолатли суд тизими шакллантирилмоқда. Аҳолининг суд тизимига бўлган ишончи мустаҳкамланиб, фуқароларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятлар яратилмоқда. 

 

                      Ж.Балкибаева, К.Давлетова,  

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди судьялари 

                                                                            

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш