2024 йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасида конституциявий назоратнинг таҳлилини асосий тезислари ва хулосалари: муаммолар ва истиқболлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Конституциявий суд судьялари, Девон ходимлари, Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари ҳамда Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Давра суҳбатида ЕХҲТнинг халқаро эксперти Александр Танасе томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикасида конституциявий назоратнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини таҳлили муҳокама қилинди.
Халқаро экспертнинг маърузасида Конституция устунлиги принципини таъминлашда Конституциявий суднинг роли, конституциявий назорат соҳасида халқаро тажриба ва уни Ўзбекистон қонунчилигига жорий этиш каби масалалар ҳамда конституциявий назоратнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тақдим қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари А.Гафуров конституциявий назоратнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш борасидаги фикр ва мулоҳазаларини баён қилди.
Давра суҳбатида Конституциявий суд судьялари Ж.Балкибаева ва А.Рахманов томонидан конституциявий назоратнинг ҳуқуқий асосларини таҳлилига оид фикрлар ўртага ташланди. Шунингдек, конституциявий назоратга оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари И.Тожиев ва Ф.Отахоновлар ҳам ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Давра суҳбати якунида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга ҳамда ҳамкорлик йўналишларини кенгайтиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди