eye
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди делегацияси Германия Федератив Республикаси суд-ҳуқуқ тизими билан яқиндан танишди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов бошчилигидаги делегация Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг лойиҳаси доирасида 2024 йилнинг 9-14 июнь кунлари Германия Федерал Конституциявий суди ҳамда Баден-Вюртемберг федерал ери Конституциявий суди фаолияти билан танишиш, фуқароларнинг конституциявий шикоятларни кўриб чиқиш бўйича тажрибасини ўрганиш мақсадида Германияга ишчи ташрифни амалга оширди.    

Ташрифнинг биринчи учрашуви Мангейм университети Ҳуқуқшунослик факультети профессор-ўқитувчилари билан бўлиб ўтди. Учрашувда Ҳуқуқшунослик факультети декани, профессор, доктор Фридеман Кайнер таълим муассасаси тўғрисида батафсил маълумот берди.  Шунингдек, конституциявий ҳуқуқ мутахассиси кичик профессор, доктор Свенья Берендт Германия ва Баден-Бюртенберг Федерал ерлар конституциялари ва ҳуқуқ тизимлари ҳақида, кичик профессор, доктор Михаэль Мюллер конституциявий одил судловга эришиш, конституциявий судларнинг ҳуқуқий мақоми, уларга оид илмий тадқиқотлар тўғрисида маълумот берди.  

Делегация аъзолари Германия Федерал Конституциявий судига ташриф буюриб, Федерал Конституциявий суд маъмурий биносида Конституциявий суднинг Иккинчи сенати судьяси, доктор Рона Фетцер, Конституциявий суднинг Умумий ишлар бўйича администрация раҳбари Кристиан Столл ҳамда Суд ишлари бўйича администрация раҳбари Фолкер Бацке билан учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашувда германиялик ҳамкорлар Конституциявий суд фаолиятига жорий қилинган конституциявий назорат институтига оид янгиликлар, унинг афзалликлари, ютуқлари ва ўз навбатида камчиликлар ҳақида батафсил маълумотлар беришди. Хусусан, учрашувда Германия томони Федерал Конституциявий судининг ваколатлари, давлат ҳокимияти органлари тизимида алоҳида конституциявий мақомга эга эканлиги, суднинг тузилиши ва шаклланишининг ўзига хос жиҳатлари, конституциявий шикоят институти ва конституциявий одил судловни таъминлаш, шунингдек суднинг бошқа федерал конституциявий органлар билан ўзаро муносабатлари тўғрисида фикрлар алмашилди.  

Учрашувлар жараёнида делегация раҳбари М.Абдусаломов  мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмуни, Янги Ўзбекистонни барпо қилиш стратегиясининг мазмун-моҳияти, шу жумладан конституциявий референдум, суд-ҳуқуқ соҳасига оид янгиликлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.  

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди делегацияси Баден-Вюртемберг федерал ери парламентининг спикери Мухтерем Арас хоним таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди делегация аъзолари Парламент аъзолари билан учрашдилар. Учрашувда парламент ва конституциявий судлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида сўз борди.

Шунингдек, Гейдельберг шаҳрида жойлашган Макс Планк номидаги Қиёсий оммавий ҳуқуқ ва халқаро ҳуқуқ институтида профессор, доктор Райнер Гроте, доктор Маттиас Хартвиг, давлат қурилиши ва конституциявий ҳуқуқ соҳасида тадқиқот олиб бораётган докторантлар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда профессор, доктор Райнер Гроте институт фаолияти бўйича ахборот берди. Учрашувда ҳамкорлик йўналишлари ва истиқболлари муҳокама этилди. Институт вакиллари ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг ҳам конституциявий ҳуқуқнинг энг долзарб масалалари бўйича мазкур институт базасида илмий тадқиқот олиб боришига қизиқиш билдирди.

Ташриф давомида Конституциявий суд раиси М. Абдусаломов амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан конституциявий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотлар ҳақида ахборот берди. Айниқса, Германия вакиллари мамлакатимизда 2023 йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган Референдумда янги таҳрирда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Янги Ўзбекистон ғоясига, очиқлик сиёсатига, мураккаб шароитларда иқтисодий ўсиш суръатларининг юқори даражада таъминланаётганлигига, Ўзбекистон-Германия муносабатлари ривожига катта қизиқиш билдиришди.  

Амалга оширилган ишчи ташриф Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди хорижий конституциявий судлари билан конституциявий одил судлов соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга, ўзаро тажриба алмашишга, конституциявий назорат ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

 

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш