Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг масъул ходимлари учун ташкил этилган ўқув курси тингловчилари билан сайёр ўқув машғулоти ўтказилди.
Машғулотда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари А.Ғафуров, Конституциявий суд судьялари А.Раҳимов ва Р.Исмайлов, Девон раҳбари Н.Саид-Газиева ҳамда катта эксперт К.Хамидовалар иштирок этди.
Конституциявий суд раиси ўринбосари А.Ғафуров тингловчиларни Конституциявий суд фаолияти билан таништириб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Конституциявий суднинг ўрни, янги Конституцияга киритилган конституциявий назорат институтини такомиллаштиришга қаратилган нормалар мазмуни ва моҳияти тўғрисида маъруза қилди.
Судья А.Раҳимов ҳамда Девон раҳбари Н.Саид-Газиева Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, конституциявий шикоятларга қўйилган талаблар ҳамда уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида батафсил маълумот бердилар.
Эркин мулоқот шаклида ўтказилган мазкур машғулот давомида Конституциявий суд вакиллари ва ўқув курси тингловчилари ўртасида қизғин мунозаралар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди