eye
Конституциявий суд ҳамда Ўзбекистон Миллий университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди ва илмий-амалий давра суҳбати бўлиб ўтди

2024 йилнинг 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда “Давлат ҳокимиятининг бўлиниш тизимида конституциявий суднинг ўрни” мавзусида илмий-амалий давра суҳбати бўлиб ўтди.  

Тадбир аввалида ЎзМУ узоқ йиллардан буён олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш тажрибасига эга олий таълим муассасаси ҳисобланиши, юриспруденцияга оид ўқув соатларини амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш ҳамда назария ва амалиёт масалаларини биргаликда ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва ЎзМУ ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.   

Давра суҳбатида Конституциявий суд вакиллари ҳамда ЎзМУнинг ўқитувчи ва профессорлари ва талабалари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик тизимида Конституция устуворлигини таъминлашда конституциявий назорат институтининг назарий ва амалий жиҳатларини муҳокама қилинди. 

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори И.Маджидовлар кириш сўзи билан очдилар. 

Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов Ўзбекистон Миллий университети ўз фаолияти даврида таълим ва илм-фанни ривожлантиришга, шунингдек, юридик соҳанинг турли тармоқлари, ижтимоий ва маънавий соҳалари учун ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшганлигини таъкидлади. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида  Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланиши белгиланган. Асосий қонуннинг 132-моддасида эса, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўришига оид норма мавжуд. 

 Янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 133-моддасида конституциявий шикоят институтига оид норма биринчи маротаба конституциявий даражада мустаҳкамланди. Мазкур норманинг киритилиши, энг аввало инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш,  мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар,  қонунчиликни либераллаштириш ғояларига асосланган.   

Давра суҳбатида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунда конституциявий шикоят институтига доир талаблар, бир қатор принципиал янгиликлар мазмун-моҳияти хусусида ҳуқуқшунос олимлар фикрлари, амалиётга тадбиқ этиш масалалари, конституциявий шикоят институтининг аҳамияти ҳақида фикр алмашилди. 

Тадбирда янги Ўзбекистонда суд мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътирофи,  конституциявий шикоят институтини такомиллаштириш бўйича қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.    

Имзоланган Меморандум доирасида Конституциявий суд амалиёти билан таништиришга ўқитувчи ва талабаларни жалб қилиш, конституциявий одил судловга оид долзарб мавзулар рўйҳатини яратиш ва ушбу мавзулар бўйича ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш, Конституциявий суд фаолияти ва бугунги кундаги долзарб мавзулар бўйича илмий мақолалар, монографиялар тайёрлаш ва нашр этиш, республика ва халқаро миқёсдаги илмий ва амалий семинар, конференция ва давра суҳбатлари ташкил этишга келишиб олинди.  

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш