eye
Янги таҳрирдаги Конституция – халқимизнинг якдиллиги ва ҳамжиҳатлиги асосида яратилган бош сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат
Эртага Янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинганига бир йил бўлади Бундан бир йил аввал, 2023 йил 30 апрель куни мамлакатимизда ўтказилган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганлиги том маънодаги тарихий воқеа бўлиб, унда халқимизнинг олий мақсади – Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топди. Зотан, янгиланган Асосий қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо қилиш стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари муҳрланган, миллий давлатчилигимиз тараққиётининг ушбу муҳим тарихий босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳамда конституциявий асослари белгиланган замонавий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида шаклланди. Янгиланган Конституцияни Ўзбекистон халқи ҳаётининг эволюцион тараққиёти жараёнларидаги ҳаётий зарурат сифатида мамлакат, миллат ва халқ сифатида олдинга бориш учун стратегик мақсадлари ва жорий режаларимизни аниқлаб олиш, ҳуқуқий расмийлаштиришимиз учун ғоят аҳамиятли масала, яъни адолатли жамият, озод ва обод Ватан қуриш йўлидаги улкан қадам бўлди, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Яқин етти-саккиз йил ичида мамлакатимиз эришган ютуқлар, хусусан, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит борасидаги муаммолар ҳал қилингани, қўшни халқлар билан орамиздаги муносабатларнинг тикланиши ва шу каби қатор ижобий саъй-ҳаракатларнинг ортга қайтмаслигининг конституциявий ҳимояси таъминланди. Бу каби ҳаёт тарзи ва давлатчиликдаги ютуқларни, ҳуқуқ ва эркинликларни нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимизга ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун етказишда, албатта, Конституциямизда янгидан муҳрланган норма ва принципларнинг аҳамияти беқиёсдир.

Аслида ҳам барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз, бугун бутун олам нотинч, дунёда ҳар куни кутилмаган хавф-хатар ва таҳдидлар юзага чиқмоқда. Бугунги давлатлар ўртасидаги зиддиятли жараёнлар, иқтисодий қарама-қаршиликлар қачон ва нима билан тугашини башорат қилиб бўлмайди. Жаҳондаги қарийб 100 миллион одам ўз ҳаётини сақлаш учун бошқа юртларда бошпана излаб юргани, озиқ-овқат етишмаслиги, энергия ресурслари тақчиллиги, пандемия каби глобал муаммолар ривожланган давлатлар аҳолисини ҳам жиддий ўйлантирмоқдаки, буларнинг бари бизга ҳам таъсир кўрсатмаслиги мумкин эмас.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 9 апрель куни Жиззах вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда дунёда содир бўлаётган воқеаларга тўхталиб, “Жаҳонда нималар бўлаётганини сиёсатдан узоқ одам ҳам кўриб, биляпти. Мен сиёсатчи эмас, деган одам ҳам шуни кўриб, тушуниб етяпти. Жуда кўп масалалар бор – ечими йўқ. Халқаро майдонда баланс бузилди. Қонун-қоидалар мутлақо ўзгарди. Ҳатто дўстим деб юрган давлатлар ўртасида ўзаро ишонч йўқ бўлди, десак, бу ҳам адолатли”, – деди. Шу боис давлатимиз раҳбари мамлакатнинг тинчлигини сақлаш, аҳолини даромад ва муносиб шароит билан таъминлаш учун барқарор ва тез суръатларда ўсадиган иқтисодиётни яратиш кераклигига алоҳида урғу берди.

Шу боис, истеъдодларга бой ва меҳнатсевар Ўзбекистон халқи ўзининг кўп йиллик интилишларини рўёбга чиқарган ҳолда ўз мустақил давлатини қуриб, ўз эрки йўлида тинч ва осуда ҳаёт қуриш, 2040 йилга бориб 50 миллионга етадиган аҳоли учун муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатларни яратишга, бу ва бошқа кўпдан-кўп муаммолар ечимининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида муҳрлаш учун референдумда якдил овоз бергани ҳам бежиз эмасдир.

Янгиланган Конституцияда моддалар сони аввалги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни халқимиз таклифлари асосида қарийб 65 фоизга ортди ва янгиланди. Бош қомусда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди.

Халқимизга хос бўлган тарихан шаклланган анъанага кўра, кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолиши табиий. Шу боис илк бора Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб белгиланди. Яъни, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани мустаҳкамланди.

Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланди. Умуман давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар уч баробар кўпайтирилди. Мисол учун, Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланди. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади, албатта.

Аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши, умуман, аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар оширилганинг ўзи, аҳолимиз соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда жуда муҳим аҳамиятга эгалигидан далолат беради.

Ҳеч бир халқ илмли ва билимли бўлса ҳеч қачон тараққиётдан ортда қолмаган. Шу боис таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилди, ўқитувчилар алоҳида конституциявий мақомга эга бўлди. Ижтимоий давлатга хос ёндашувлар негизида таълим соҳасига оид кўплаб модда ва нормаларда ҳам ўз ифодасини топди. Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга оширилди. Жумладан, фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилди. Биргина мисол, 2017 йилгача олийгоҳларда ўқиш учун давлат грантлари сони фақат қисқариб келган бўлса, охирги олти йилда бу борадаги аҳвол бутунлай ўзгарди. Грантлар сони 2 баравар кўпайиб, 40 мингтага етди. Магистратура учун эса 5 баравар кўпайди. 

Ногиронлиги бор фарзандларимизга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутилди. Шунинг учун, бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилди. Бу шундай нуқсонларга эга болаларнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун муҳим кафолатдир.

Шу билан бирга бизга илк бор таълим ва тарбия берган устозларимизнинг нуфузини оширишга қаратилган нормалар Конституцияда ўз аксини топди. Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилди. Бу қоидалар мамлакатимиздаги 685 минг нафардан ортиқ ўқитувчиларнинг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилади.

Буни Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Мамлакатимиз тараққиётида мутлақо янги даврга қадам қўймоқдамиз. Чунки, янгиланган Конституциямизни қабул қилиш билан биз Учинчи Ренессанс учун ҳуқуқий пойдевор яратдик. Бугун халқимиз интилаётган ана шу буюк мақсадни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшаман, деган ҳар бир юртдошимиз, аввало ушбу пойдеворга таяниб, ҳаракат қилиши лозим. Айниқса, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришда, ёшларимиз келажаги учун мустаҳкам замин ҳозирлашда Асосий қонунимиз уларга беқиёс имкониятлар очиб беради”.

Яна бир муҳим янгилик – давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши конституциявий мустаҳкамланмоқда. Ушбу норманинг киритилиши жамиятимизда оила мустаҳкамлиги ва мўътабарлигини барқарор таъминлашга хизмат қилади. Энди фарзандлар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-она мажбурияти ҳисобланади. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш эса давлатнинг бурчи сифатида белгиланди.

Бизнинг назаримизда, Конституцияда Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгиланиши улкан аҳамиятга эгадир. Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат қонунларимизнинг, балки ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланди. Бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади. 

Конституцияда давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги мустаҳкамлаб қўйилди. Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига ўз розилигисиз юклатилиши мумкин эмаслигини белгиланиши натижасида ушбу норма одамлар ҳаётини янада енгиллаштиришга хизмат қилади.

Конституцияда ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш, нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Бундан ташқари, Асосий қонунда илк бор давлатнинг фуқароларга Интернет тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши кафолатланди. Зеро, Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилар сони 2016 йилда 12,1 млн бўлган бўлса, 2023 йилга келиб икки ярим баробарга ошди, шунингдек, аҳоли яшаш масканлари ҳудудининг Интернет тармоғи билан қамрови ҳозирда 98% га етган. 

Умумхалқ муҳокамаси жараёнларида билдирилган таклиф ва истаклар мазмунан янгиланган Конституциянинг тартибга солиш предметида бевосита ва билвосита акс этгандир. Шу боис Конституциявий ислоҳот давлат ва унинг мансабдор шахслари олдига ўта масъулиятли ва кенг кўламдаги вазифалар ечими устида изчил ишлаш кераклигини, янгиланган талаблар асосида ўз фаолиятини Конституциямизга асосланиб, тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-67-сон Фармонида Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш бўйича қатор устувор вазифалар белгилаб берилган.

Хусусан, Фармонда янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланди. Янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилиши кўрсатиб ўтилди. Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланди.

Хулоса сифатида айтганда, бугун янгиланган Конституциямизнинг норма ва принципларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилганини ишонч билан таъкидлаш мумкин. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Тараққиёт стратегияси асосида изчил давом эттирилаётган демократик ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги, халқимиз равнақи ва юртимиз тараққиёти йўлида астойдил ҳаракат қилишимиз, Янги Ўзбекистон ўзининг мақсад мажбуриятларига қатъий содиқлиги янгиланган Асосий Қонун билан янада мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асос яратилди.

Янги ҳуқуқий макон асосида қуриладиган эртанги кунимиз қандай бўлиши, бахтли ва фаровон келажакка эришиш мазкур янгиланган Конституциянинг руҳига қанчалик таянишимиз, уни ижтимоий-ҳуқуқий имкониятларидан тўлиқ фойдаланишимизга, нормаларини чуқур ўрганишимиз негизида унинг талаб ва принципларини бевосита қўллаш ҳамда риоя қилишимизга кўп жиҳатдан боғлиқдир. 

Акмал Рахманов, 

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий суди судьяси, 

юридик фанлар номзоди

Алишер Каримов, 

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий суди эксперти

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш