2024 йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда конституциявий одил судлов ва адвокатура” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари А.Ғафуров ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Ш.Садиков кириш сўзи билан очдилар.
Давра суҳбатида Конституциявий суд судьялари, Ўзбекистон Адвокатлар палатаси маъсул ходимлари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси тизимидаги адвокатлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят, туман ҳудудий бошқармалари тизими аъзолари бўлган адвокатлар видеоконференцалоқа орқали, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Янгиланган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 133-моддасида конституциявий шикоят институтига оид норма киритилиши – мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни либераллаштириш ғояларига асосланган.
Мазкур норманинг асосий янгиликларидан бири – фуқаролар ва юридик шахсларга конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи киритилди. Унга мувофиқ, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида конституциявий назорат институтининг такомиллаштирилиши масалалари, фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиби ҳамда адвокатлик фаолияти кафолатларининг конституциявий асосларига бағишланган мавзуларда маърузалар тингланди.
Давра суҳбатида Конституциявий судда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, мурожаатларга қўйилган талаблар ҳамда уларни Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқиш масалаларига оид савол-жавоблар ва мунозаралар бўлиб ўтди. Мунозаралар давомида Конституциявий судда фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишнинг процессуал хусусиятлари, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ ҳимоя қилишда адвокатларнинг ўрни ва ролига оид масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди