Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”, - дея давлатчилигимизнинг бош мақсадини баён қилганларида “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “инсон қадри учун”, “инсон манфаатлари”, “дин ва эътиқод эркинлиги” каби бир қатор фундаментал демократик тушунчаларнинг реал ҳаётдан тобора мустаҳкам ўрин олиши Ўзбек давлатчилигининг мазмун-моҳиятида янги имконият ва қадриятлар шаклланаётганига далилдир.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, сўз ва диний эътиқод эркинлиги, гендер тенглик бўйича эришаётган ютуқларимиз нуфузли халқаро ташкилотлар билан изчил ҳамкорликда давом эттирилиб, ўзбекистонликларнинг ҳаёт мазмунига айланиб бормоқда.
Конституциявий ислоҳотлар доирасида Асосий Қонунимизга шундай муҳим ғоя ва қоидаларни акс эттирувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилдики, улар инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият деб тан олган Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқининг иродасини рўёбга чиқариш, давлат ва жамият тараққиёти мафкураси, Ўзбекистон халқининг конституциявий-ҳуқуқий ижодкорлигининг ўзига хослигини акс эттирувчи конституциявий қадриятларни белгилаб берди.
Биринчидан, мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳот халқимизнинг хоҳиш-истагига мослиги, унда халқимизнинг эзгу мақсадлари ифодаси ўз аксини топгани, Янги Бош Қомус мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Айнан шу сабаб мазкур янги конституциявий янгиланиш халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Ҳар бир таклиф ва тавсияларнинг фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар, маҳаллалар ҳамда илмий-тадқиқот институтлари вакиллари ҳамда оддий инсонлар иштирокида кўриб чиқилгани унинг инсонпарварлиги, халқчиллиги ва ишончлилигини янада орттириш учун муҳим омил бўлди.
Иккинчидан, бутун халқимиз кўмагида амалга оширилган конституциявий ислоҳот Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни вужудга келтирди.
Хусусан, жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар натижасида Конституцияга киритилган “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили мустаҳкамланди, мазкур ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлиши таъминланди, хусусий мулк дахлсизлиги, ерга эгалик ҳуқуқи, фуқаролик жамияти институтлари ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини такомиллаштириш каби тамойил ва қоидалар юртимиз ҳуқуқий майдонида янги мазмундаги демократик ҳуқуқий давлатчилик белгилари таъсис этилганини англатади.
Учинчидан, янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқимизнинг энг муҳим ҳохиш истаклари акс этган ва давлатимиз раҳбарининг “инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак”лиги тамойиллари асос қилиб олинганини яққол кўриш мумкин. Бош қонунимизнинг тегишли моддаларига киритилган ўзгартиришларда “инсон-жамият-давлат” принципи унинг ўзагини ташкил этади. Бу миллий конституциявий ўзликни акс эттиради. Бош қомусда Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлатлиги, “инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади” этиб белгиланди.
Тўртинчидан, конституциявий ислоҳот натижасида “Инсон қадри учун” тамойилини рўёбга чиқаришга қаратилган, фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқларини, жумладан, эҳтиёжманд қатламлар ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлаш механизмларини янада кучайтирилди.
Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар кўриши белгиланди. Ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиши, пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг бошқа турларини тайинлаши мустаҳкамланмоқда.
Бешинчидан, Конституцияга киритилган янги нормалар жамиятдаги энг муҳим институт – оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган, бунда никоҳ аёллар ҳамда эркакларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, давлат оилани тўлақонли ривожлантириш учун зарур ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратиши, кўп болали оилаларга имтиёзлар ҳамда ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлаши, шунингдек, бола манфаатлари, жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши сифатида белгиланиши илғор прогрессив қадам эканлигини эътироф этиш лозим.
Олтинчидан, мамлакатимиз келгуси ҳаёти учун ўта зарур йўналиш, яъни таълимни, илм-фанни, миллатни ва жумладан, ёшларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг аниқ конституциявий кафолатлари мустаҳкамланди. Бу, давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши, давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлаши, давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмаклашиши, ҳар бир боланинг умумий ўрта таълимга доир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини, давлат бепул умумий ўрта таълимни, шунингдек, танлов асосида давлат таълим ташкилотларида бепул олий маълумот олиш ҳуқуқини янда мустаҳкамлаб, алоҳида эҳтиёж ва индивидуал имкониятларга эга болалар учун инклюзив таълим ва тарбияни ташкил этилиши белгилаб берилди.
Еттинчидан, жамиятда ўқитувчининг мақоми ва ўрнига бағишланган алоҳида модда киритилиши, Ўзбекистонда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилиши мустаҳкамланди. Хусусан, Конституциянинг 52-моддасида “давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади” деган норма мамлакатимизда фаолият юритаётган 685 мингдан ортиқ педагогларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватланишини кучайтириш ва касбий ўсишини таъминлаш имкониятини яратади.
Тўғриси кейинги 7-8 йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти маърузаларида илгари сурилган муҳим ташаббуслар, бир қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиниши, қатор қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилиш баробарида амалга оширилган ишлар натижасида конституциявий ислоҳот орқали Асосий қомусимизга айнан инсон ҳуқуқлари ва эркинлари билан боғлиқ тизимли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Айни вақтда мамлакатимизда янгиланган Конституция нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш, халқимиз бугун яхши яшаши учун шарт-шароит яратиш шарт бўлган замонда яшамоқдамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уни қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш энг устувор вазифа этиб белгилангандир. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, инсон қадри муқаддас қадрият ҳисобланиб, - “...инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз”.
Мухтасар қилиб айтганда, юртимизда кечаётган улкан конституциявий ислоҳотлар ва янгиланишлар даврида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни энг устувор вазифалардан бирига айлантириш орқали Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни фаол давом эттиришимиз давр талабидир. Зеро, бу Янги Ўзбекистонимиз тараққиётига, мамлакатимиз миллий манфаатларига хизмат қилади. Ишончимиз комилки, эзгу ниятлар ва халқимизнинг фаоллиги ҳамда якдил қўллаб-қувватлаши орқали амалга оширилган конституциявий ислоҳот – Янги Ўзбекистонда юрт равнақи ва ободлиги, ватан тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда жамиятда инсон ҳуқуқларининг ишончли кафолатлаш механизмларини янада мустаҳкамланишига самарали хизмат қилади.
Акмал Рахманов,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси,
юридик фанлар номзоди,
ЎзА