eye
ЯПОНИЯЛИК ҲУҚУҚШУНОС ОЛИМЛАР КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДГА ТАШРИФ БУЮРДИ

2024 йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Япониянинг бир қатор олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Япониянинг Кэйо университети профессори Хадзимэ Ямомото, Мэйдзи университети профессори Акико Эжима, Нагоя университети профессор ёрдамчиси Еми Макино ва А.Исматов, Васеда университети профессор ёрдамчиси Акинаго Яшида ҳамда юридик фанлар номзоди Шуджи Кобалар иштирок этди. 

Учрашувда Конституциявий суд раисининг ўринбосари А.Ғафуров янги таҳрирдаги Конституция ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунининг мазмун-моҳияти тўғрисида меҳмонларга батафсил маълумот бериб ўтди.

Япониянинг Мэйдзи университети профессори Акико Эжима мазкур учрашув ташкил этилгани учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуни мазмуни билан танишиб чиққанлигини таъкидлади. 

Конституциявий суд судьялари ва япониялик конституционалист олимлар ўртасидаги бўлиб ўтган қизғин мулоқот давомида конституциявий ҳуқуқ, халқаро ҳуқуқ фанларининг долзарб масалалари ҳамда Ўзбекистон ва Япония конституционализмини ўрганиш юзасидан тадқиқотчилар, амалиётчилар ва ўқитувчилар ўртасида илмий алоқалар ўрнатиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида мехмонлар Японияда конституциявий назоратни амалга оширишнинг ўзига хослиги, мамлакатда конституциявийлик муҳитини таъминлашда Япония Олий суди ва қуйи судлар ваколати ва вазифалари ҳақида маълумот бердилар.

Шунингдек, Конституциявий суди судьялари ва меҳмонлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг суд тизимидаги ўрни, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги роли, Конституция ва қонун нормаларига шарҳ бериш ва судга масала киритиш каби мавзуларда муҳокамалар бўлиб ўтди. Учрашув самимий мулоқот тарзида ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди    

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш