eye
МАМЛАКАТНИ РИВОЖЛАНТИРАДИГАН КУЧ – БУ БИЛИМЛИ КАДРЛАРДИР

Ҳар қандай давлатни ривожлантиришга сабаб бўладиган асосий омиллардан бири кадрлар масаласидир. Етук, замонавий кадрларни тайёрлаш, биринчи навбатда, таълим-тарбияга боғлиқ. Қайси давлат ўз олдига билимли ёшларни тарбиялаб етиштиришни мақсад қилиб қўяр ва бунга имкон яратар экан, албатта, у ривожланишга юз тутади. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасига киритилган ўзгартириш Конституциянинг халқчиллиги, Ўзбекистоннинг миллий қиёфаси ва келажакка бўлган эътиборни ўзида мужассам этади. Ўқитувчи-педагогнинг ҳуқуқий мақоми, унга яратиб бериладиган шарт-шароитларни тўғри йўлга қўймасдан туриб, замонавий сифатли таълимни таъминлаб бўлмайди. Бу борада, Конституциянинг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади”, деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамланди. Педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг муҳим вазифасидир. Педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмайди. Яқинларгача айрим раҳбарларнинг ўз ваколатларидан четга чиқиб, ўқитувчилар ва мактаб ўқувчиларининг ҳам пахта теримига мажбурланиши, машғулотлар четга суриб қўйиб, ободонлаштириш, ҳатто қурилиш ишларига мажбурлаши, баъзи ҳудудларда ўқитувчиларнинг узр сўраттирилиши яқин тарихимизнинг қора доғлари бўлди. Бу каби ҳолатлар таълим тизимига путур етказди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таълимни ислоҳ қилишни, биринчи навбатда, ўқитувчиларнинг обрў-эътиборини оширишдан бошлаш лозимлигини таъкидлайди. Бироқ бунга эришиш осон кечмаяпти. Йиллар давомида ичидан нураб борган тизимни қайта тиклаш, устоз ва мураббийларга бўлган ҳурмат-эҳтиромни шакллантириш, ўқитувчиларга бўлган эътиборни давлат сиёсати даражасига чиқариш зарур эди. Албатта, бунинг учун ҳуқуқий асос яратилишини талаб қилади. Бинобарин, янгиланган Конституциянинг юқорида келтириб ўтилган нормалар билан бойитилиши кейинги йилларда амалга ошириб келинаётган ижобий ишларнинг навбатдаги босқичи бўлди.

Конституцияга киритилган янги нормалардан яна бири, истеъдодли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълим олишларини давом эттиришларини давлат ўз зиммасига олганлигидир. Янгиланган Конституцияда концептуал ўзгариш ясаган нормалардан бири, мамлакатимизнинг “ижтимоий давлат” деб эълон қилинганидир. Ижтимоий давлатнинг асосий белгиси, жамиятда ижтимоий адолат ва ижтимоий тенгликнинг таъминланганлигида кўринади. Айтиш мумкинки, юқоридаги норма давлат истеъдодли ёшларни моддий аҳволидан қатъи назар ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини назарда тутади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ижобий ишлар, хусусан, “Ёш китобхон” ва “Заковат” танловлари, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш учун тузилган “Улуғбек” жамғармаси ҳамда иқтидорли ёшларнинг хорижий нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятининг давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани қувонарлидир. Иқтидорли ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишларини рағбатлантириш учун 2021 йил 1 майдан бери 5 турдаги, 2022 йил 1 январдан 13 турдаги (жами 18 турдаги) халқаро имтиҳон тизимларида юқори натижага эришган ёшларнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилиши ҳам шулар жумласидандир.

Мазкур нормаларнинг Конституцияга киритилганлиги кўпчиликни қизиқтираётган яна бир муаммога ижобий ечим бўлади. Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда мулкчилик шакли турлича бўлган олий таълим муассасалари кўпайиб бормоқда. Айрим хусусий таълим муассасалари таълим бериш сифатига кўра, юқори чўққиларга эришиб, жаҳон рейтингида муносиб ўринларга эга бўлмоқда. Конституцияга киритилган давлатнинг ижтимоий эканлиги, истеъдодли ёшларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча турдаги таълим муассасалари ривожланиши учун тенг шароитлар яратиб бериши тўғрисидаги конституциявий нормалар истеъдодли ёшлар энг яхши таълим муассасаларида, у хоҳ хусусий бўлсин, хоҳ давлатники, таълим олишлари учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Йиллар давомида ривожланган давлатлар рўйхатида энг юқори ўринларда турувчи мамлакатлар тараққиёти замирида, энг аввало, таълим ва унга нисбатан жамият ҳамда давлатнинг муносабати ётиши кўп бора таъкидлаб келинади.

Унинг долзарб аҳамият касб этаётганлигини чуқур англаган ҳолда, мамлакатимизда туб ислоҳотлар йўлга қўйилди. Уларни ҳаётга самарали татбиқ этиш борасида олға ва дадил қадамлар ташланмоқда.

Конституцияда таълим олиш ҳуқуқининг мустаҳкамланиши муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бугунги кундаги энг қиммат ресурс ҳисобланмиш инсон капиталининг яратилишида таълим тизимининг ўрни беқиёс. Таълим жараёнининг натижаси, албатта, билимли ёшларни тарбиялаш, уларнинг илм-фан соҳасида юксак чўққиларни забд этиши ҳисобланади.

Ҳар қандай ислоҳотнинг самараси унинг ҳуқуқий асослари қай даражада пухта, тизимли ва мавжуд шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганлигига боғлиқ. Янги таҳрирдаги Конституцияда бошқа муҳим масалалар қаторида таълим муносабатларига янгича руҳ берилган. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 50-моддасида белгиланган “Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга” мазмунидаги норма таълим соҳасининг ҳуқуқий асослари учун муҳим принципдир, мазкур модданинг “Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди” деган норма давлат замонавий таълимга нисбатан ёндашувини англатади. Таълим турлари билан бирга,

ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олиш (кундузги);

ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш (сиртқи, кечки, масофавий);

дуал таълим (талабага олий ўқув юртида ёки профессионал таълим муассасасида таълим олиш билан бирга ўз йўналишига мос ташкилотда меҳнат қилиш, малака ошириш имкониятини берувчи тизим);

оилада таълим олиш ва мустақил таълим олиш;

катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш;

инклюзив таълим;

экстернат тартибидаги таълим каби таълим шаклларининг давлат томонидан эътироф этилиши ва уларнинг тенг ривожланиши учун шароит яратиб берилиши миллий таълим тизими ривожидаги улкан ютуқлардан бири бўлади, дейиш мумкин.

Давлат томонидан нафақат давлат таълим ташкилотларини ривожлантириш учун, шу билан бирга нодавлат ёки хусусий таълим ташкилотлари ёхуд давлат хусусий шериклик асосидаги таълим ташкилотларини ривожлантириш учун ҳам шароит яратилиши, яъни муҳим қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш, субсидиялар ёки имтиёзли кредитлар бериши каби йўллар билан ёрдам кўрсатиши белгилаб қўйилди.

Конституцияда олий таълим масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги унинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири ҳисобланади. Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган дунёда замонавий касб ва кўникмаларга эга, рақобатбардош кадрларни етказиб бериш, шунингдек фан-техника ривожининг локомотиви ва том маънодаги ядроси даражасига кўтарилиш учун олий таълим муассасаларига замонавий ёндашувни талаб этарди. Бу чақириққа жавоб сифатида янги таҳрирдаги Конституциянинг 51-моддасида “Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга” эканлиги қайд этилди. Академик соҳада, бошқарув, илмий-тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек ўқитиш борасидаги эркинлик олий ўқув юртларига бир қатор имкониятларни беради. Жумладан:

қотиб қолган қолиплардан халос бўлган ҳолда замон талабларига мос ўқув режа ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда улар асосида сифатли таълим бериш;

талабаларга ўзлари ўқийдиган фанларни танлаш имкониятини бериш орқали олий таълимнинг жозибадорлигини ошириш;

халқаро нуфузли олий таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш ташкилотлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;

талабаларни илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари билан таништириш ҳамда уларда кенг дунёқарашни шакллантириш мақсадида академик мобиллик дастурларини йўлга қўйиш;

“Universitet 3.0” модели асосида фан-таълим натижаларини тижоратлаштириш.

Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасини ижтимоий давлат сифатида эълон қилиниши таълим соҳасида ҳам ўз аксини топди. Хусусан, 50-моддага кўра, “Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди”. Шунингдек, “Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади”, мазмунидаги конституциявий нормаларни давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги масъулияти сифатида қабул қилиш мумкин. Зеро, имкониятларидан қатъи назар, ҳар бир боланинг сифатли таълим олиши ва у орқали ўзини, дунёни, бутун борлиқни англашига ёрдамлашиш ва бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш Конституциянинг энг катта имкониятлардан бири саналади.

Конституцияда илк маротаба инклюзив таълим учун шароит яратишга оид норманинг белгиланиши алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун таълим ва тарбия уларнинг жисмоний ҳамда ақлий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилиши, таълим олиш жараёнида уларни бирор-бир шаклда камситишга йўл қўйилмаслиги, барча болаларнинг тенглиги таъминланишига хизмат қилади.

Асосий Қонунимизда “Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир” мазмунидаги норманинг мавжудлиги давлатнинг таълим ва тарбия соҳасидаги асосий мажбуриятларини ҳам белгилаб беради.

Мухтасар қилиб айтганда, таълимга бўлган эътибор Конституцияда алоҳида қайд этилиши, бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар келажакда Ўзбекистоннинг илм-фан соҳасидаги муваффақият чўққиларини эгаллашига хизмат қилади.

 

 

Козимжон КОМИЛОВ,

Конституциявий суд судьяси

Шохрух МАЖИДОВ,

Конституциявий суд катта эксперти

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш