eye
Ҳ А М Д А Р Д Л И К

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судида узоқ йиллар фаолият юритган, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, суд фахрийси Генжемурат Пиржанов 2024 йилнинг 17 март куни 67 ёшида вафот этди.

Генжемурат Пиржанов меҳнат фаолиятини 1971 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туман хўжалигининг ишчилигидан бошлаб, 1983-1990 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг ички ишлар тизими ходими, адвокатура, юридик маслаҳатхона мудири, Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туман партия қўмитасининг йўриқчиси бўлиб хизмат қилган. Судьялик фаолиятини  1990 йилда бошлаб 1995 йилларга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туман судининг раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Олий судининг судьяси сифатида фаолият юритган. 1995 йили Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ташкил топгандан даврдан бошлаб, 27 йиллик умри, меҳнат фаолияти Конституциявий суд фаолияти билан боғлиқ бўлди. Биринчи малака даражали судья эди.  

2002 йилда Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, 1992 йилда «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 1 йил», 2006 йилда «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 15 йил», 2011 йилда «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 20 йил», 2017 йилда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонлари ва 2007 йилда «Шуҳрат» медали билан мукофотланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Г.Пиржанов Қорақалпоғистон Республикасининг вакили сифатида фаолият юритиб, қонун ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини ўрганиш, таҳлил қилишда фаол иштирок этиб келган. Шу билан бирга, кўп йиллар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Нотариусларни танлаш комиссияси аъзоси сифатида ҳам фаолият юритган. 

Генжемурат Пиржанов Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқлигини ўрганишда, фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишда, халқаро ва миллий даражада ўтказилган илмий-амалий анжуманларда фаол иштирок этган. Генжамурат оғанинг инсонийлик фазилатлари, касбий кўникмалари юқори эди. У самимий, очиқ кўнгил ва олийжаноб инсон ҳамда ёшларга меҳрибон, ғамхўр Устоз бўлиб келган. Конституциявий суд жамоасининг Касаба уюшмаси қўмитаси раиси сифатида ҳам доимо эзгу ишларга бош-қош бўлиб келди.

Афсуски, оғир хасталик Конституциявий судининг фахрийси Генжемурат Пиржановни олтмиш етти ёшида орамиздан олиб кетди.  Меҳрибон устоз, камтарин инсон Генжемурат Пиржановнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди жамоаси Генжемурат Пиржановнинг вафоти муносабати билан оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш