eye
Словения Республикасининг “Минтақавий мулоқот” дастури делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

2024 йилнинг 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Словения Республикасининг собиқ Бош вазири, Словения Республикасининг “Минтақавий мулоқот” хорижий нодавлат нотижорат  ташкилотининг минтақавий дастури ҳуқуқий эксперти Мирослав Церар, “Минтақавий мулоқот” ХННТ дастури директори Матиц Зупан, директор ўринбосари Бехзод Шарипов билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, раис ўринбосари А.Ғафуров, Конституциявий суд судьялари ва девон ходимлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Словения Республикасининг “Минтақавий мулоқот” ХННТ дастури билан ҳамкорликда мамлакатимизда 2023 йил бўлиб ўтган конституциявий ислоҳотларга оид тадбирлар доирасида бир қатор экспертлар билан учрашувлар ўтказилган. Шунингдек, 2023 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси ҳамда “Минтақавий мулоқот” хорижий нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга оширишнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилган. 

Учрашувда делегация аъзоларига мамлакатимизда ўтказилган конституциявий ислоҳотлар ҳамда Конституциявий суд фаолияти ҳақида маълумотлар билан таништирилди. Жумладан, 2021 йилда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилинганлиги, мазкур қонун билан илк маротаба конституциявий шикоят институти жорий этилганлиги, фуқароларнинг Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланганлиги ҳақида маълумот берилди. 

Мирослав Церар мазкур учрашув ташкил этилгани учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуни мазмуни билан танишиб чиққанлигини таъкидлади. У шунингдек, Словения Конституциявий суди фаолияти ҳақида маълумотлар бериб, Словения Конституциявий суди ўз фаолиятида фуқароларнинг мурожаатларда кўтарилган масалаларни таҳлил қилиш орқали қонун ҳужжатлари, ҳуқуқий доктриналар учун таклифлар бериши мумкинлигини таъкидлади. 

Словения Республикаси Конституциявий суди фуқаролар ва давлат органлари Конституцияни қандай тушуниши ва қўллаши масаласига катта эътибор қаратишини таъкидлади. Словения Конституциявий судига фуқаролар томонидан мурожаатлар кўп келиши ҳамда уларни Конституциявий суд судьялари ва Девони томонидан кўриб чиқилиши  жараёни ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтди. 

Мирослав Церар Ўзбекистон Конституциясида Конституциявий суднинг  Конституция ва қонун нормаларини шарҳлаш билан боғлиқ жараён билан қизиқди. 

М.Абдусаломов меҳмонга “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунда Конституция ва қонун нормаларини расмий шарҳлашга оид талаблар тўғрисида батафсил маълумот берди. 

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Словения Республикаси Конституциявий суди ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашув дўстона ва самимий мулоқот тарзида ўтди.        

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди    

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш