...Бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмас.
(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 16-моддасининг, иккинчи қисми.)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев - ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови ҳам Конституция ва қонун устуворлиги таъминланиши билан бевосита боғлиқ эканлигига барчани эътиборини қаратиб келаётгани бежиз эмас. Чунки, ...“Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади”.
Маълумки, янгиланган Конституциянинг 16-моддаси, иккинчи қисмида “Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилинади” деб, илк маротаба белгилаб қўйилди. Мазкур конституциявий норма Асосий Қонуннинг 2023 йил 30 апрелга қадар бўлган таҳририда назарда тутилмаган. Демак, ушбу янги норма билан ҳар қандай қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фақат Конституция асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилиниши конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилди.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ёки мансабдор шахслар ҳисобланади.
Шунингдек, фуқаролар ҳам “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунида белгиланган тартибда ўтказиладиган референдум йўли билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга асосан, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ёки референдум ўтказиш йўли билан қабул қилинади (9-модда).
Қонун чиқарувчи ҳокимият: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари эса, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга (10-модда).
Давлат бошлиғи: Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун фармонлар ва қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади (12-модда).
Ҳукумат: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади (12-модда).
Маҳаллий давлат ҳокимияти: Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ўз ваколатлари доирасида қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ўз ваколатлари доирасида қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти юқори турувчи органларининг қарорлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қабул қилинади (16-модда).
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 16-моддаси, иккинчи қисми “...Бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмас”лигини қатъий белгилайди. Агар, қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топади. Конституциявий суднинг давлат ҳокимияти тизимида тутган ўрнини ўзига хослиги ҳам шунда.
Сўнгги йилларда янги Ўзбекистонда миллий парламент фаолиятини янада такомиллаштирилиши натижасида юқори палата – Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайди.
Масалан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунига 2021 йил 14 январда ЎРҚ–666-сонли Қонунга асосан киритилган қўшимчаларга мувофиқ, Сенат - халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш ваколатига эга бўлди.
Шу ўринда савол туғилади. Сенатнинг ушбу ваколати - Конституциявий суднинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш ваколатини такрорламайдими? Бизнингча, йўқ. Чунки, Сенатнинг ушбу ваколати доирасида қабул қиладиган қарори ва Конституциявий суднинг ўз ваколати доирасида қабул қиладиган қарорининг ҳуқуқий оқибатлари ўртасида бирмунча фарқ бор.
Келинг, тушунтиришга ҳаракат қилайлик.
Эътибор беринг:
Биринчидан, Сенат - халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилади.
Конституциявий суд эса, Конституцияга мувофиқлиги хусусида шубҳа туғдирган аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди ва қарорлар қабул қилади.
Маҳаллий давлат ҳокимяти органлари қарорлари деганда, қонунчиликка мувофиқ қабул қилинган халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши (маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органи), шунингдек, вилоят, туман, шаҳар ҳокими (ижроия ҳокимият) томонидан қабул қилинадиган норматив характерга эга бўлган қарорлар тушунилади.
Иккинчидан, Сенатга халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг қарорларини бекор қилиш ҳақидаги масала жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг маълумотлари асосида қўмиталарнинг ташаббуси асосида киритилади
Конституциявий судга эса, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 27-моддаси, биринчи қисмида кўрсатилган субъектлар томонидан киритилади.
Учинчидан, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зид келадиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади.
Конституциявий суд эса, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
маҳаллий давлат ҳокимияти органи қарори ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;
маҳаллий давлат ҳокимияти органи қарори ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида.
Юқорида келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, Сенатнинг халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилишга оид ваколати, шунингдек, Конституциявий суднинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлашга доир ваколати ҳуқуқий оқибатларига кўра бир-биридан бирмунча фарқ қилади.
Шунинг учун ҳам халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг қарорлари мунтазам равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига тақдим этилади. Конституциявий суд эса, ўз ваколати доирасида ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини ўрганиб боради.
Бундай амалиёт узоқ йиллардан буён шаклланган бўлиб, сўнгги йилларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзлари чиқарган қарорларни Конституциявий судга тақдим этиб бориш амалиётини тўхтатишди. Бизнингча, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш ҳақидаги масала Сенат томонидан кўриб чиқиш амалиёти жорий қилингандан кейин тегишли халқ депутатлари вилоят Кенгашлари ўзлари томонидан қабул қилган қарорларни Конституциявий судга тақдим этиш шарт эмас деган, нотўғри хулосага келганга ўхшайди.
Бироқ, ҳозирги кунда қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларини, Олий Мажлис палаталарининг қарорларини, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Ҳукумат қарорларини, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларини тегишли тартибда ўрганиб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мунтазам равишда тақдим этиб келмоқда. Бундай амалиёт узоқ йиллардан буён шаклланиб улгурган. Бизнингча бу жуда тўғри, амалиёт ҳисобланади.
Масалан, 2023 йил давомида Конституциявий суд томонидан жами 622 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослиги ўрганилган бўлиб, шулардан 70 та қонун (23 таси Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларига оид), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 62 та Фармони, 168 та Қарори, 3 та Фармойиши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 6 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 296 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 7 та буйруғидир. Ўрганишлар натижасига кўра, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига номувофиқлиги аниқланмаган.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 16-моддасининг, иккинчи қисмида белгиланган “Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилинади. Бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмас” мазмундаги конституциявий нормани амалдаги ижросини маъминлаш нораматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ва мансабдор шахсларни асосий вазифаси бўлмоғи лозим.
Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, қонун устуворлиги – бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари чиқараётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шарт.
АБДУМАННОБ РАХИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий судининг судьяси,
ЎзА