eye
ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди

2024 йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори вазифасини бажарувчи Зильке Клёвер бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда ЕХҲТининг маъсул ходимлари ҳамда Конституциявий суд судьялари ва девони ходимлари иштирок этди.    

Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси  М.Абдусаломов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ЕХҲТининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини мувофиқлаштириш офиси билан 1996 йилдан буён яқиндан ҳамкорлик қилиб келинаётгани, бир қатор лойиҳалар амалга оширилгани таъкидлади.  

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва ЕХҲТ билан ҳамкорликда амалга ошириладиган тадбирлар келишиб олинди. Шунингдек, конституциявий шикоят институтини такомиллаштириш юзасидан хорижий мамлакатлар конституциявий судлари амалиётини ўрганиш борасида ўзаро фикр алмашишдир. 

М.Абдусаломов ЕҲХТ вакилларига конституциявий суд ишларини юритишни демократлаштириш, конституциявий назорат самарадорлигини оширишга қаратилган қоидаларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун мазмуни, талаблари ҳақида гапириб берди.

Учрашувда, шунингдек янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида  Конституциявий суди ваколатлари кенгайтирилганлиги муносабати билан 2024 йил 12 январь куни “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинганлиги, унда Конституциявий суд томонидан Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса берилиши, Конституциявий суд судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани ҳақида маълумот бериб ўтилди.

Зильке Клёвер хоним учрашув давомида Ўзбекистонда ўзгаришлар яққол сезилаётгани, мамлакат ривожланиш йўлида илдам қадамлар ташлаётганини таъкидлаб ўтди. Конституциявий суднинг фаолияти фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган, унинг бу борадаги фаолиятини янада ривожлантириш учун ўзаро ҳамкорликда тадбирлар амалга ошириш юзасидан таклифлар билдирди. 

Учрашув сўнггида Конституциявий суд раиси ЕХҲТининг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори томонидан Конституциявий судга замонавий ахборот-коммуникация воситалари етказиб берилганлиги учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, ҳамкорликда конституциявий шикоят институтининг қўллаш борасида Европа давлатлари тажрибасини ўрганиш, тажрибали экспертлар иштирокида конференция, тренинг машғулотлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш, Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш масалаларига эътибор қаратишга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

 

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш