2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Янги Ўзбекистоннинг пойдевори бўлди десак муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлигимиз мустаҳкамлаб қўйилди.
Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида инсон-жамият-давлат тамойили асосида конституциявий нормалар қайта кўриб чилди.
Мустақиллигимизнинг биринчи кунларидан олдимизга қўйган бош мақсадимиз инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлаш Конституцияда том маънода мужассам этилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги илк маротаба мустаҳкамлаб қўйилди. Зеро, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.
Ўзбекистон Республикаси ўзининг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишини, давлат ҳокимияти органларининг тизимини белгилайди, ички ва ташқи сиёсатини амалга оширади, ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади. Бугунги кунда 130 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб келмоқда.
Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган органлар томонидангина амалга оширилади.
Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият органлари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади. Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумхалқ овозига — референдумга қўйилади. Ушбу конституциявий нормага мувофиқ янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси илк маротаба 2023 йил 30 апрелдаги реферундум орқали қабул қилинди. Бу халқни хохиш-истаги ҳамма нарсадан устун эканлигини яққол далилидир.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин. Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.
Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.
Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади.
Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.
Давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритадилар.
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилинади. Бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади.
Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади.
Дарҳақиқат, Конституциянинг асосий принциплари ўзининг мазмун-моҳиятига кўра давлат тузилиши ва унинг мавжудлигини муҳим шартидир.
Давлат тузилишида ушбу принципларнинг барчаси бўлиши шарт. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг ҳаётга татбиқ этиш, яъни, “Инсон қадри учун” деган давлат сиёсатини устувор тамойилга айлантиришдир.
Демак, Конституциянинг асосий принциплари бу мамлакат мустақиллигининг биринчи шартидир.
Ўзбекистон халқининг 2023 йил 30 апрелдаги референдумдаги тарихий қарори билан мамлакатимиз ўзининг тараққиёт йўлини, дунёвий демократик йўлни танлади. Янгиланган Конституцияда дунёвий давлат принципининг белгилаб қўйилганлиги – дунёвий тараққиёт, турли дин ва мазҳаблар ўртасидаги бағрикенгликка асосланган ўзаро тушуниб яшаш турмуш тарзи, диний бирлашмаларга мустақил ва эркин фаолият, дин ва эътиқод эркинлиги, тенглик, ижтимоий тинчлик ва барқарорлигимизни асраб-авайлаш учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.
Алишер КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди эксперти