eye
ФУҚАРОЛАРНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

Қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўришга ихтисослашган, суд ҳокимияти органи сифатида фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига муқаддам фуқаролар ва юридик шахслар муайян масалаларни киритиш ваколатига эга бўлмаган. Фуқароларнинг Конституциявий судга мурожаатлари эса “формал, Конституциявий суд ваколатига кирмаслик” важи билан жавоб хати йўллаш билан якунланар эди.

2021 йил 27 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун мамлакатимизда конституциявий одил судловга оид кўплаб янги қоидалар билан бойитилган бўлса, булар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 132-133-моддалари билан мустаҳкамланиб қўйилди.

Конституциявий суд фаолияти билан боғлиқ янги таҳрирдаги қонуннинг қабул қилиниши натижасида Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил киритилди.

Шу билан биргаликда фуқаролар ва юридик шахсларни ҳам Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқлари мустаҳкамланиб қўйилди. Айнан ушбу қоида бугунги кунда кўплаб фуқаро ва юридик шахслар томонидан Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятини бермоқда. Бироқ, амалдаги қонунчилик фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари доирасини ҳам белгилаб қўйганки, бу ҳолат мурожаатчиларнинг аксариятини назаридан четда қолмоқда. Натижада Конституциявий суд ваколатига кирмаган масалалар бўйича мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Масалан, 2022–2023 йилларда жами 2 850 нафар фуқаролар Конституциявий судга мурожаат қилган. Шундан, 2022 йилда – 11 та, 2023 йилда – 4 та мурожаатлар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун талабларига зид расмийлаштирилганлиги сабабли кўриб чиқиш рад қилинган. 

Агар амалдаги қонунчиликка эътибор берадиган бўлсак, Конституциявий судга фуқаролар ва юридик шахслар томонидан қилинадиган мурожаатлар қуйидаги талабларга жавоб берса, Конституциявий суд уни суд мажлисида кўриб чиқиб, хал қилиши мумкин: 

- агар қонун уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган бўлса;

- мурожаатчи мазкур қонуннинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияга мувофиқ келмайди, деб ҳисобласа;

- қонун судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса.

Демак, амалдаги Конституциявий қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятлари қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисида бўлсагина Конституциявий судга мурожаат этиш имконини беради ва шу шикоят доирасида Конституциявий суд иш кўриш учун асос бўлади. Қонуности ҳужжатлари, суд ҳужжатлари ва бошқа масалаларга тааллуқли мурожаатларни Конституциявий суд кўриб чиқиш ваколатига эга эмас.

Аксарият ҳолларда фуқаролар Конституциявий суд судьяларини шахсий қабулларини сўраб оғзаки мурожаатлар йўллаш, ижтимоий тармоқларда турли муносабатлар билдириш ҳолатлари учраб туради. Маълумки, фуқароларнинг ёзма, оғзаки ёки электрон шаклда ариза, таклиф ва шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқи амалдаги қонунчилик билан кафолатланади ва мурожаат шаклидан қатъий назар бир хил аҳамиятга эга. Яъни, мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқишда уларнинг ёзма ёки оғзаки ёҳуд электрон шаклда эканлигининг аҳамияти йўқ. Фуқаро қандай мурожаат қилишини ўзи танлайди, унга мурожаат шаклини ўзгартириш бўйича талаб қўйиш мумкин эмас. Бинобарин, мурожаатларнинг барчаси қонун талаби асосида кўриб чиқилади. Аниқроқ қилиб айтганда мурожаатлар оғзаки, ёзма ёҳуд электрон шаклда бўлиши мумкинлиги Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга мос келади. Лекин Конституциявий судга мурожаат орқали масала киритиш бўйича алоҳида тартиб белгиланган. Гарча фуқаро ўз мурожаататини Конституциявий суд иш юритувчига олинишини истаса албатта махсус қонунчиликдаги меъёрларга риоя этиши зарур бўлади.

Ҳар қандай мурожаат ҳам Конституциявий судга келиб тушгандан сўнг албатта рўйхатдан ўтказилади. Мурожаатлар сараланиб, ҳал этилиши Конституциявий суд ваколатларига кирмайдиган масалалар бўлса белгиланган тартибда, қўйилган масалаларни ҳал этиш ваколатига эга идораларга беш кун ичида юборилади.

Конституциявий судга юборилган мурожаатларда фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган бўлса, маълумотлар ёлғон кўрсатилса, имзоланмаган бўлса (аноним), фуқаро ва юридик шахс вакили орқали берилган мурожаатларда вакилнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, бу мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 27-моддаси талаблари доирасидаги фуқаро ва юридик шахсларнинг шикоятлари албатта ёзма ёки электрон шаклда юборилиши зарур. Электрон мурожаат ҳам аризани электрон Word ёки PDF шаклда юбориш билан чекланилмайди, аксинча электрон шаклда юборилган мурожаат электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак. Аниқроқ айтадиган бўлсак, фуқароларнинг электрон шикояти электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлиши зарур.

Электрон мурожаат қоғоз кўринишидаги мурожаатга тенглаштирилиши учун эса электрон рақамли имзо билан имзоланган, электрон ҳужжатни жўнатувчи юридик шахснинг номи ёки электрон ҳужжатни жўнатувчи жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг почта ва электрон манзили ҳамда ҳужжат яратилган сана бўлиши лозим.

Фуқаролар ва юридик шахслар бирор қонун ёки унинг нормасини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига номувофиқ ва уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини бузмоқда деб ҳисобласалар, албатта ўз нуқтаи назарлари ва мурожаатни Конституциянинг тегишли нормаларига ҳавола қилинган ҳолдаги ҳуқуқий асослантиришлари лозим.

Шунингдек судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган қонун судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган сўнг бу борада Конституциявий судга мурожаат этар эканлар албатта иш судда кўриб чиқилганлиги ва судда ҳимоя қилишнинг барча шаклларидан фойдаланилганлигини кўрсатувчи ҳужжатлар тақдим этилиши керак.

Конституциявий суд ваколатига кирадиган масалаларга тааллуқли мурожаат етти кундан кечиктирмай ўрганиш учун қабул қилинади.

Конституциявий суд судьялари эса мурожаатни дастлаб ўрганиш ўз хулосаларини тақдим этгандан сўнггина у Конституциявий судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Акс ҳолда мурожаат Конституциявий судга тааллуқли эмаслиги важи асосида кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиши мумкин ва бу ҳақда мурожаатчига хабар берилади.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 86-моддасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги устидан шикоятлари бўйича муайян ишда қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби белгиланган. Унга асосан конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятлари, агар судда ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда ишни кўриб чиқиш тугаган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай берилиши лозим.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари бузилганлиги устидан шикоятда кўрсатилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш чегаралари ишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қонунни (унинг бир қисмини) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ёки мувофиқ эмас деб топиши мумкин.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлган фуқаролар ва юридик шахслар амалдаги қонунчилик ҳужжатлари доирасида ўз мурожаатларини тақдим этишлари лозим ва шу орқалигина конституциявий одил судловга эришиш ҳамда пировард натижасида ўз конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга муваффақ бўладилар.

 

Козимжон КОМИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш