eye
КОНСТИТУЦИЯ – ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ҲИМОЯЧИСИ
2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиниши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда мамлакатимизда янги даврни бошлаб берди.

1992 йил 8 декабрда мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллик йилларида ислоҳотлар талаби асосида босқичма-босқич такомиллаштириб борилди. Конституцияга ўтган йилларда асосан давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ ўзгартишлар киритилганини кўрамиз. Янгиланган Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, ўз навбатида, Ўзбекистон давлати моҳиятини ўзгартириб юборди. Унда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани ва мамлакатимизда “инсон-жамият-давлат” тамойили устуворлиги эътироф этилди.

2023 йил 1 майдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, айтиш мумкинки, 65 фоизга янгиланди. Конституцияга 10 та асосий ўзгартиш киритилди.

Бунга қадар 1992 йилдан буён конституцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилган эди. Бу сафар эса, ўзгаришлар кўлами катталиги сабабли, ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Янгиланиш натижасида, бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди.

Конституцияга киритилган энг муҳим ўнта ўзгаришлар қуйидагилардир:

  1. Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат. Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласи қуйидагича ўзгартирилди:
  • Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат.

Янги Конституциянинг 154-моддаси билан, 1-моддадаги қоидаларни қайта кўриб чиқиш мумкин эмас, деб белгиланди. Худди шунингдек,
154-модданинг ўзидаги айнан шу қоидадан иборат банд ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Мазкур конституциявий норманинг аҳамияти шундаки, Ўзбекистон ҳеч қачон демократиядан воз кечмаслиги, ҳуқуқий давлатчиликка содиқлиги, монархияга ёки исломий республикага айланмаслигини назарда тутади.

  1. Конституция тўғридан тўғри амал қилади. 15-моддага қуйидагича қўшимча қўшилди:
  • Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши фуқароларга нафақат қонунлар, балки бевосита конституциядаги нормаларга ҳам асосланган ҳолда иш олиб боришга, хусусан судга мурожаат қилишга имкон беради.

  1. Имтиёзлар қонунда ёзиб қўйилиши шарт эмас. Янги Конституциянинг 19-моддаси (аввалги 18-модда) – фуқароларнинг жинси, миллати, мавқейи ва ҳоказолардан қатъи назар, қонун олдида тенглигини белгилаб беради. Бу модданинг иккинчи қисмига қуйидагича ўзгартириш киритилди:

Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.

Ўзгартишдан аввал у “Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт”, кўринишида эди.

Айтиш мумкинки, шу пайтгача турли жабҳалардаги имтиёз ва преференциялар нафақат қонунлар асосида, балки кўп ҳолатларда қонуности ҳужжатлари – қарор ва фармонлар асосида ҳам белгиланиб келинаётган эди. Энди бунга йўл қўйилмайди.

  1. Барча ноаниқликлар – инсон фойдасига. Конституциянинг янги таҳририга асосан:

Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Эндиликда, агар қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади.

Шунингдек, ҳужжатларни юритишда давлат органлари томонидан хато-камчилик ўтган тақдирда, масалан пенсия тайинлашда тегишли ҳужжатлар базадан топилмай, ноаниқлик юзага келганида ҳам вазият фуқаро фойдасига ҳал этилиши керак.

  1. Инсон ҳуқуқлари ижтимоий ахлоқ ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида чекланиши мумкин. Ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланиши тартибга солинган илгариги иккита нормадан ташқари, энди учинчи норма ҳам қўшилди:

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

Ҳуқуқлар чекланишига доир меъёрлар, янги Конституциянинг бошқа бир моддасига асосан, сўз эркинлиги ҳуқуқига ҳам тегишли. Яъни ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи фақат конституциявий тузумни, аҳоли соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлаш, давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига йўл қўймаслик мақсадида чекланиши мумкин.

  1. Ўқитувчилар ҳақида алоҳида модда киритилди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 52-моддаси икки банддан иборат:
  • Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
  • Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Айтиш лозимки, ўқитувчилар ҳуқуқ соҳасидан бошқа, олий қонунда алоҳида тилга олинган ягона касб эгаларига айланди.

  1. Ернинг хусусий мулк бўлиши. Ўзбекистонда 2022 йилдан эътиборан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш бошланган эди, ўтган йили эълон қилинган янги Конституция лойиҳасининг бирламчи версиясида эса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни хусусийлаштириш мумкин эмаслигига ишора қилинган эди. Қабул қилинган Конституциядан бундай чеклов олиб ташланди ва ерни хусусийлаштиришга оид норма қуйидагича ўзгартирилди:

Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.

  1. ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлади. Янги Конституциядаги бу боб иккита моддадан иборат:

Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар. Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир.

Цензурага йўл қўйилмайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

ОАВ фаолиятига тўсқинлик учун жавобгарлик конституция даражасида белгиланди.

  1. Давлат бошқарувида бир қанча ўзгартиришлар қилинди:

Биринчидан, Президентнинг ваколат муддати 7 йил бўлди.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясига кўра, Бош вазир номзодини энди президент тақдим этади, сенаторлар сони эса 100 нафардан 65 нафарга туширилди. 14 та ҳудуддан 6 нафардан эмас,
4 нафардан сенатор сайланиши, президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони 16 нафардан 9 нафарга қисқариши белгилаб қўйилди.

Учинчидан, Бош вазирни тайинлаш ва унга ишончсизлик вотуми билдиришда Сенатнинг иштироки бекор қилинди. Эндиликда бунинг учун депутатлар умумий сонининг учдан икки қисми овоз бериши етарли ҳисобланади. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариш тўғрисида президентга таклиф киритиш ваколатига эга бўлди.

Тўртинчидан, коррупцияга ва монополияга қарши курашиш органлари раҳбарларини президент тақдимига биноан сайлаш Сенатнинг ваколатига киритилди. Сенат, шунингдек, президент тақдимига биноан энг юқори рангдаги суд мансабдорларини сайлайди, бош прокурор ва Ҳисоб палатаси раислигига номзодларни кўриб чиқиб маъқуллайди, ДХХ раислигига номзод бўйича президент билан маслаҳатлашув ўтказади, Марказий банк раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, хориждаги асосий дипломатларни тайинлайди ва лавозимидан озод этади, маҳаллий кенгашларнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш ваколатига эга бўлди.

Бешинчидан, Қонунчилик палатаси қонунлар бўйича қўшимча ваколат олди, эндиликда Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида 60 кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси қонунни президентга юборади. Қонунларнинг президент томонидан имзоланиши ва эълон қилиниши учун белгиланган муддат 30 кундан 60 кунга узайтирилди. Президент томонидан қайтарилган қонун парламент палаталари томонидан яна қабул қилинган тақдирда, президентнинг бу қонунни имзолаш ва эълон қилиш муддати ўзгаришсиз (14 кун) қолдирилди.

Олтинчидан, Президент муддатидан илгари президент сайловини тайинлашга ҳақли экани белгиланди. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ва Сенатга, палата аъзоларининг камида учдан икки қисмининг овози билан ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати берилди. Жиддий воқеалар рўй берганида, икки палата қўшма қарор қабул қилган ҳолда парламент текшируви ўтказиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Еттинчидан, Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини беш йиллик муддатга сайлайди.

Бир шахснинг сурункасига икки мартадан ортиқ битта лавозимни эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида, президентдан ташқари, Сенат раиси, Қонунчилик палатаси спикери, Олий суд раиси ва ўринбосари, Судьялар олий кенгашининг раиси ва ўринбосари, Марказий сайлов комиссияси раиси, бош прокурор, ҳокимлар ва кенгашлар раисларига нисбатан ҳам татбиқ этиладиган бўлди.

  1. Маҳаллий давлат ҳокимиятидаги ўзгаришлар. Ҳокимлар кенгаш раислигидан кетади.

Шунингдек, Конституцияга қуйидаги бошқа кўплаб нормалар ҳам қўшилди:

  • Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади.
  • Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
  • Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
  • Ҳар ким ўз шахсига доир нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
  • Давлат интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Кўриниб турибдики, Конституциянинг Биринчи бўлими 1-боби Давлат суверенитети, 2-боби Халқ ҳокимиятчилиги, 3-боби Конституция ва қонуннинг устунлиги ва 4-боби Ташқи сиёсат принципига бағишланган.

Хусусан, “Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланган иккинчи бўлими кенг бойитилди. Бу билан мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев олиб бораётган давлат бошқарувидаги “Инсонни рози қилиш” сиёсати Конституция даражасига олиб чиқилди.

Янгиланган Конституцияда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясидаги жами 30-модданинг бутун мазмун-моҳияти ўз аксини топди.

Дарҳақиқат, Конституциянинг асосий принциплари ўзининг мазмун-моҳиятига кўра давлат тузилиши ва унинг мавжудлигини муҳим шартидир.

Давлат тузилишида ушбу принципларнинг барчаси бўлиши шарт. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг ҳаётга татбиқ этиш, яъни, “Инсон қадри учун” деган давлат сиёсатини устувор тамойилга айлантиришдир.

Демак, Конституциянинг асосий принциплари бу мамлакат мустақиллигининг биринчи шартидир.

Ўзбекистон халқининг 2023 йил 30 апрелдаги референдумдаги тарихий қарори билан мамлакатимиз ўзининг тараққиёт йўлини, дунёвий демократик йўлни танлади. Янгиланган Конституцияда дунёвий давлат принципининг белгилаб қўйилганлиги – дунёвий тараққиёт, турли дин ва мазҳаблар ўртасидаги бағрикенгликка асосланган ўзаро тушуниб яшаш турмуш тарзи, диний бирлашмаларга мустақил ва эркин фаолият, дин ва эътиқод эркинлиги, тенглик, ижтимоий тинчлик ва барқарорлигимизни асраб-авайлаш учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади. 

Козимжон КОМИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси

 

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш