2023 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамкорлигида “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга оширишнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Халқаро илмий-амалий конференция ишида конституциявий ҳуқуқ соҳасидаги миллий ва хорижий, хусусан Қозоғистон, Словения, Туркия ва АҚШлик экспертлар ўз маърузалари билан, шунингдек БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастури, ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), “Минтақавий мулоқот” ХННТнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов ва Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори М.Раҳмонқулов халқаро илмий-амалий конференция ишини кириш сўзи билан очиб, янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб берганини таъкидлади. Мазкур ҳужжат миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 10 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш чоралари белгиланди.
Қомусда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадига қаратилган ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Конференция иккита сессия доирасида давом эттирилиб, дастлаб “Янгиланган Конституциянинг асосий принциплари – янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегиясининг муҳим ҳуқуқий пойдевори” мавзусида экспертлар фикри тингланди.
Хусусан, конституциявий ислоҳотлар ҳуқуқий тизим тараққиётининг муҳим омили эканлиги Қозоғистон Республикаси тажрибаси мисолида таҳлил қилинди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамланган дунёвий давлат принципини рўёбга чиқариш механизмларини такомиллаштириш масалаларига атрофлича тўхталиб ўтилди. Шунингдек, экспертлар томонидан ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ижтимоий давлат – ҳар бир инсон учун фаровон турмуш даражаси, хусусан сифатли таълим, кафолатли тиббий хизмат, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизимини таъминлайди. Қомусий бу қоидаларни амалда таъминлаш тизими яратилган.
Ўзбекистонни дунёвий давлат сифатида белгилаш дунёвий тараққиёт, турли дин ва мазҳаблар ўртасида бағрикенглик ва тотувликни мустаҳкамлашга, диний бирлашмаларнинг мустақил фаолият юритишига, дин ва эътиқод эркинлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Конференциянинг иккинчи сессияси “Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш – янги таҳрирдаги конституцияни амалга оширишнинг бош мақсади” мавзуига бағишланди.
Сессия давомида дастлаб одил судловни амалга оширишда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг долзарб масалалари хусусида сўз юритилди. Одил судловдан фойдаланишни таъминлашга доир давлат кафолатларини таъминлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари қиёсий таҳлил қилинди. Шунингдек, ёшларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга доир конституциявий нормаларни амалга оширишнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашилди.