eye
УСТОЗ – ОТАНГДЕК УЛУҒ
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила. Алишер Навоий

Таълим – давлат ва жамиятнинг равнақ топиши ҳамда барқарорликка эришишида жуда муҳим омил ҳисобланади. Бинобарин, республикамиздаги таълим муссасаларида кўп сонли ёшларни ўз фарзандларидек севадиган юз минглаб фидойи ўқитувчилар меҳнат қилишмоқда.

Ҳар йили 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни мамлакатимизда кенг нишонланади. Тарихан устозга бўлган чуқур ҳурмат сақланиб қолгани боис инсонлар “Домла”, “Муаллим”, “Устоз” каби улуғ номлар билан ўз устозларига мурожаат қилишган. Умрини ёшларга таълим беришга бағишлаган ўқитувчилар ҳамма жойда бир хил – оддий ва камтар.

Шиддат билан ривожланиб бораётган замонда янги касблар, янги соҳалар кўпайиб бормоқда. Уларнинг ҳар бирининг ҳаётда ўз ўрни, аҳамияти бор. Лекин, улар орасида шундай бир улуғ касб борки, бошқа барча касблар унинг негизида шаклланади ва тараққий этади. Бу ўқитувчилик касбидир.

Ўқитувчилик касбларнинг энг машаққатлиси ва шу билан бирга энг улуғи ҳамдир. Эътирозлар бўлиши мумкин, қолган касбларчи? Тўғри, жамиятимизда шундай касблар бор-ки, уларнинг вазифалари жуда машаққатли, оғир ва масъулиятлидир. Лекин, уларни ҳам мураббий тарбиялайди, муаллим етиштиради, устозлар эса бир меъёрда ривожланиши учун ўз панд-маслаҳатларини аямайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассалалари фаолиятини эркинлаштириш ва асосийси ўқитувчилар обрўсини ошириш, уларни рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Ислоҳотлар замирида эса, биринчи навбатда, ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинмаслиги – бу катта сиёсий ироданинг ҳосиласи, деб ҳисоблаш мумкин. Таълим ташкилотининг педагог ходимини меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасига мувофиқ ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўқитувчилар билан боғлиқ махсус модда киритилиши – жамиятда ушбу касб эгаларига нисбатан йиллар давомида шаклланган муносабатни ижобий томонга ўзгартириш йўлида ташланган жуда муҳим қадамдир.

Мазкур норма ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини, касбий маҳоратининг ўсишини таъминлашга хизмат қилади. Бу ўз навбатида ўқитувчилар малакасини ошириш, ўз устида ишлаш, таълим беришнинг янги усулларини ишлаб чиқишга қулай шароит яратадиган тизимни йўлга қўйиш учун муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, юқоридаги конституциявий норма мамлакатимизда ўқитувчининг меҳнатига жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни тайёрлаш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини оширишнинг асоси сифатида қаралади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади. Зеро, муаллим ўз вазифасини кўнгилдагидек уддаласа, таълим тизимида ижобий ўзгаришлар бўлиши, юртимизда “Учинчи Ренессанс” пойдеворини барпо этиш мумкин бўлади. Конституция эса буларнинг барчасига мустаҳкам қалқон бўлиб хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини таъминлаш каби вазифаларни Конституцияда белгилаб қўйилиши фарзандларимизнинг сифатли ва замонавий таълим олишига, келажакда фаровон яшашига хизмат қилади. Конституцияда уларнинг мақоми оширилиши эса ўқитувчиларга бўлган эҳтиромни ва ушбу касбнинг қанчалик қадрли эканлигидан далолат беради.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг

катта эксперти Шохрух Мажидов

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш