eye
Марказий Осиёда қонун устуворлиги дастурининг иккинчи минтақавий бошқарув қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди
2023 йилнинг 26-27 июнь кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Европа Кенгаши ва Европа Иттифоқининг “Марказий Осиёда қонун устуворлиги” қўшма дастури Минтақавий бошқарув қўмитаси иккинчи йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда Марказий Осиё мамлакатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистоннинг давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари, жумладан, Конституциявий суд ва Олий суд, тегишли вазирликлар, Омбудсман ва инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа миллий институтлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, коррупцияга қарши курашувчи органлар, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш бўйича миллий муассасалардан жами 60 нафар иштирокчи қатнашди. 

“Марказий Осиёда қонун устуворлиги” минтақавий Дастурининг  ижроси доирасида амалга оширилган ишлар, бажарилиши лозим бўлган вазифалар ва кутилаётган натижалар муҳокама қилиниб, ҳамкорликда ташкил этиладиган тадбирлар белгилаб олинди.

Икки кун давом этган минтақавий йиғилиш олти сессиядан иборат бўлди. Тадбирнинг очилишида Европа Иттифоқининг Қозоғистон Республикасидаги элчиси Кестутис Янкаускас, Европа Кенгашининг Дастурларни мувофиқлаштириш бўйича директори Клаус Нойкирх, Марказий Осиё давлатлари делегацияларининг раҳбарлари, хусусан Ўзбекистон делегацияси раҳбари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик  департаменти бошлиғи Н.Рустамбеков сўзга чиқди.

Кейинги сессиялар ишида Европа ва Марказий Осиё ўртасида умумий ҳуқуқий маконни яратишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқлари стандартларини самарали қўллашни қўллаб-қувватлаш, ошкоралик сиёсатини ва иқтисодий жиноятларга қарши ҳаракатни рағбатлантириш, давлат институтлари ва давлат бошқаруви органларининг самарали фаолиятига кўмаклашиш каби масалалар доирасида маърузалар тингланди, фикр ва мулоҳазалар билан иштирок этиб, ҳар бир ташкилот вакили келгуси ҳамкорлик учун ўз соҳаси йўналишида таклифлар билдирди. 

Дастур доирасида 2022 йилда Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва демократия соҳаларидаги тажриба ва воситаларидан фойдаланган ҳолда 56 та икки томонлама ва 7 та минтақавий тадбир муваффақиятли ташкил этилганлиги таъкидланди. Хусусан, минтақадаги Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси Конституциявий судлари билан халқаро конференциялар ташкил этилиб, унда Конституциянинг ва ҳуқуқий демократик давлатни шакллантиришда конституциявий одил судловнинг роли масалалари муҳокама қилингани ҳақида айтиб ўтилди.      

Тадбирда “Марказий Осиёда қонун устуворлиги” дастури ижроси доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди. Таклифлар асосан:

  • Марказий Осиёда ягона ҳуқуқий маконни изчил яратиш бўйича ишларни кенгайтириш ва Европа Кенгашининг энг долзарб конвенцияларини Марказий Осиё мамлакатлари учун илгари суриш;
  • юридик соҳа мутахассислари учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа таълим дастури (HELP) томонидан ишлаб чиқилган ўқув воситаларининг амалиётчи ҳуқуқшунослар – судьялар, прокурорлар, адвокатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимига инсон ҳуқуқлари стандартларини самарали жорий этиш бўйича тадбирларни кенгайтириш;
  • коррупция ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳамда терроризмни молиялаштиришнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга ошириш;
  • конституциявий ислоҳотлар ва қонун устуворлиги тамойилларига мувофиқ суд мустақиллиги каби масалаларни Венеция комиссияси кўмагида илгари суриш йўналишларини қамрайди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди катта эксперти К.Хамидова иштирок этиб, Конституциявий суд ва Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) билан ҳамкорликда 2023 йил 25-26 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё мамлакатларида конституциявий шикоят институти моделларининг ривожланиш тенденциялари” мавзуида халқаро конференция ташкил этилгани, халқаро конференцияда Ўзбекистонда амалга  оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳақида, Конституцияда илк бор белгиланган конституциявий шикоят институти мавзусида миллий ва хорижий тажриба муҳокама қилингани, нуфузли хорижий экспертлар маърузалари тинглангани ҳақида фикр билдирди.

Шунингдек, Марказий Осиёда қонун устуворлиги дастури билан қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик доирасида – конституциявий шикоят институтини ривожлантиришда халқаро тажрибани ўрганиш, хорижий мамлакатлар конституциявий судларининг амалиёти билан танишиш, хорижий экспертларни жалб этиш, минтақадаги Конституциявий судлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, конституциявий суд ишларини юритишни демократлаштириш ҳамда конституциявий назорат самарадорлигини ошириш, янги таҳрирдаги Конституцияга конституциявий шикоят институти киритилгани ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг конституциявий асосларидан келиб чиқиб истиқболда янги йўналишларни белгилаш каби масалалар таклиф этилди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш