2023 йилнинг 22 июль куни Чўлпон-ота шаҳрида Қирғизистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига бағишланган “Конституция – ҳуқуқий, демократик давлат барпо этиш асоси” деб номланган халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини давом эттирмоқда.
Хабар қилинганидек, конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди делегацияси М.Абдусаломов бошчилигида иштирок этмоқда.
Анжуман доирасида иштирокчилар рақамлаштириш, конституциявий назорат органларини замонавий дунёнинг глобал, ўзгарувчан шароитларига мослаштириш соҳасида ўзаро фикр алмашиш асносида ҳар бир давлат конституциявий назорат органини замонавий тенденцияларга мувофиқлаштириш йўналишида ўзаро тажриба алмашмоқдалар.
Конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Қирғизистон Республикаси Конституциявий суди ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди. Мазкур Меморандум ҳар икки давлатлар Конституциявий судлари ҳамкорлигини янада кучайтиришга хизмат қилиши учун ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши, конституциявий шикоят институти киритилгани, иштирокчилар мазкур йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси “Қирғиз Республикаси Конституциясига 30 йил” медали билан тақдирланди.
Конференция иштирокчилари Ўзбекистонда рўй бераётган конституциявий ислоҳотларда инсон ҳуқуқлари, жамият ва давлатга оид янгиликларни илиқ қарши олдилар. Халқаро илмий-амалий конференция мавзуси доирасида ҳамда Ўзбекистон Конституциявий суди ва Қирғизистон Конституциявий суди ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов ОАВга интервью берди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди