eye
Қирғизистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Конституциявий суди делегацияси маъруза билан иштирок этди
2023 йилнинг 21 июнь куни Чўлпон-ота шаҳрида Қирғизистон Республикаси Конституциявий суди томонидан Қирғизистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига бағишланган “Конституция – ҳуқуқий, демократик давлат барпо этиш асоси” деб номланган халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.

Конференция ишида дунёнинг 16 дан ортиқ давлати конституциявий назорат органлари ва унга тенглаштирилган институтлар судьялари, вакиллари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси  Конституциявий суди делегацияси М.Абдусаломов бошчилигида иштирок этмоқда. Шунингдек, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия,  Бельгия, Болгария, Жанубий Корея, Индонезия, Португалия, Молдова, Руминия, Босния ва Герцеговина ҳамда Европа Иттифоқининг Венеция комиссияси вакиллари ҳам тадбирда иштирок этмоқдалар.

Халқаро илмий-амалий конференция иштирокчиларига қутлов сўзи билан Қирғизистон Республикаси Президенти С.Жапаров ҳамда Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) президенти Клер Бази-Малорилар видеомурожаат йўллаб, конференция ишига муваффақият ва самарали мулоқотлар тилади. Шунингдек, Қирғизистон Республикаси Олий суди раиси З.Базарбеков, Қирғизистон Республикаси Омбудсмани Дж.Джаманбаевалар ҳам маъруза билан иштирок этдилар.     

 

Халқаро илмий-амалий конференция бир қатор муҳим масалаларни кун тартибига қўйган, хусусан ҳуқуқий демократик давлатни ривожлантиришда конституциявий одил судловнинг ўрни ва роли, ҳуқуқий демократик давлат шаклланишига таъсири, глобал ўзгаришлар даврида конституциявий назорат органларининг муаммолари ва истиқболлари ҳамда хорижий давлатлар  конституциявий назорат органларининг жамиятда конституциявий қадриятларни тарғиб қилиш тажрибаси каби масалаларда ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун йиғилганлар.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси  Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов “Конституциявий ислоҳот ва ҳуқуқий демократик давлатни шакллантиришда конституциявий одил судловнинг роли” мавзусида маъруза билан иштирок этиб, мамлакатимизда жорий йил конституциявий ислоҳотлар амалга оширилгани, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ овозига – Референдумга қўйилиб, унинг якунлари асосида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилингани ҳақида маълумот берди. 

Халқаро илмий-амалий конференция биринчи иш кунида кўплаб хорижий давлатлар конституциявий органлари вакиллари маърузалари эшитилиб, конференция ўз ишини давом эттирмоқда...  

 

 Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш