Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари А.Гафуров, Конституциявий суд судьялари К.Камилов, К.Давлетова, А.Рахимов, А.Рахманов, Р.Исмайлов, девон раҳбари Н.Саид-Газиева, катта экспертлар К.Хамидова ва Ш.Исакуловлар иштирок этди.
Индонезия Республикаси Конституциявий суди делегацияси раҳбари, судья Вахидуддин Адамс ва аъзолари Ризки Курниа Сесарио, Амрианшах Маулана, Рима Ювана Юстиканингрум, Хендра Индриянто Сотрионо ҳамда Индонезия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси консули Рофита Джамавар, элчихона ходими Росалина Тобинг ҳамда таржимон Санжар Зариповлар иштирок этди.
А.Гафуров делегация аъзоларига мамлакатимизда жорий йилнинг 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ овози – Референдумга қўйилгани, бўлиб ўтган конституциявий ислоҳотлар асосида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилингани ҳақида батафсил маълумот берди.
Конституциянинг янги таҳририда моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар эса 275 тадан 434 тага ошиб, Конституция 65 фоизга янгилангани таъкидлаб ўтилди.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ваколатлари белгиланиб, унинг 133-моддасига конституциявий шикоят институти киритилиб, конституциявий норма билан мустаҳкамланди. Бунда фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканлиги ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, 2021 йил 27 апрелда конституциявий суд ишларини юритишни демократлаштириш, конституциявий назорат самарадорлигини, шу билан бирга Конституциявий суднинг мустақиллигини оширишга қаратилган қоидаларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилинганлиги ва қонуннинг асосий қоидалари ҳақида маълумот берди.
Конституциявий суд раиснинг ўринбосари А.Гафуров Конституциявий суднинг 2023 йил 13 мартда қабул қилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги иш юзасидан қабул қилган қарорининг мазмуни ва моҳияти тўғрисида гапириб берди.
Делегация раҳбари Вахидуддин Адамс Ўзбекистон Конституциявий суди билан Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси доирасида ҳам ҳамкорлик қилиб келинаётгани, шунингдек мазкур Ассоциацияга раислик 2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига берилиши масаласи Индонезия Конституциявий суди томонидан қўллаб-қувватлангани ҳақида фикр билдирди. Индонезия Конституциявий суди ташкилий-ҳуқуқий масалалар йўналишида доимий ҳамкорликка тайёр эканликларини маълум қилди.
Учрашув самимий ва дўстона вазиятда ўтди. Учрашув сўнгида делегацияси аъзолари ўзаро самимий суҳбат учун миннатдорлик билдириб, келгусида Ўзбекистон ва Индонезия Конституциявий судлари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдиришди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди