Халқаро конференция ташкил этилишидан мақсад - Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, шу жумладан конституциявий ислоҳотлар ҳақида халқаро ҳамжамиятга тўлиқ ва холис маълумот етказиш, Конституцияда илк бор белгиланган конституциявий шикоят институтини ривожлантиришда халқаро тажрибани ўрганиш, хорижий мамлакатлар конституциявий судларининг амалиёти билан танишиш ҳамда Венеция комиссияси ва унга аъзо мамлакатлар конституциявий назорат органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат. Халқаро конференцияни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) президенти Клер Бази-Малори, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори А.Саидов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги элчисининг ҳамкорлик бўйича бошқарма бошлиғи Вим Риепма кириш сўзи билан очдилар.
Тадбир Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари, конституциявий одил судлов, Европа ва Марказий Осиё давлатларида конституциявий шикоят институтининг амал қилиши, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоя қилишда парламент ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Конституциявий суд билан ўзаро ҳамкорлигига оид мавзуларга бағишланган.
Икки кун давом этадиган халқаро конференцияда 14 та маърузалар ва муҳокамалар, жумладан 8 таси халқаро экспертларнинг маърузаларидир. Хусусан, Венеция комиссияси президенти ва экспертлари, шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Конституциявий суди раислари, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш” ҳудудий дастури эксперти ҳамда миллий экспертлар – Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), адвокатлар вакиллари, Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий юридик ўқув юртларининг профессор ўқитувчилари ҳамда жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари маърузаларини тинглаш, фикр ва тажриба алмашиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди